Артур Конан Дойл

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


Скачать книгу

ишонтириб айтишим мумкинки, герцог Доверкорский бу услубни қадрлай олмайди. Лекин, агар сиз бошқача фикрда бўлсангиз, унда ишимизга хотима ясаб қўя қолайлик. Чунки бу масалани фақат пул билан ҳал қилиш мумкин. Сиз, агар бу мактублар герцогнинг қўлига бориб тушса, мижозингиз бундан ҳеч қандай зиён кўрмайди деб ҳисоблаяпсиз – яхши, агар шундай бўлишига қатъий ишонсангиз, у ҳолда мактубларни йирик пулга сотиб олишингиз бемаънилик бўлар эди.

      Милвертон ўрнидан туриб, пальтосини қўлига олди.

      Холмснинг ранги ғазаб ва аламдан гезариб кетди.

      – Тўхтанг, – деди у. – Жуда ҳам шошқалоқ экансиз. Биз бу нозик ишнинг жанжалга сабаб бўлмаслиги учун қўлимиздан келганча уриниб кўрамиз, албатта.

      Милвертон яна жойига ўтирди.

      – Бу ишга айнан шундай ёндашишингизни билардим, – деди у минғирлаб.

      – Шуниси ҳам борки, – деб гапида давом этди Холмс, – леди Ева бадавлат аёллардан эмас. Гапимга ишонинг, у ўша мактублар учун сизга ҳатто икки минг фунт тўлаганида ҳам хонавайрон бўлади, аммо сиз белгилаган миқдордаги ақчани тўлашга унинг мутлақо қурби етмайди. Шунинг учун, илтимос қиламан сиздан, талабингизни бир оз чекланг-у, ҳозир мен тилга олган ақча эвазига мактубларни қайтариб беринг, гапимга ишонинг, леди Еванинг шу пулдан бир чақа ҳам ортиқ маблағи йўқ.

      Милвертоннинг юзи табассумдан баркашдек ёйилиб кетди, кўзларида шўх учқунлар чақнади.

      – Биламан, ледининг имконияти ҳақида айтганларингиз тўғри, – деди у. – Лекин бир ўйлаб кўринг: бу никоҳ тўйи муносабати билан хонимнинг дўстлари-ю, хешлари албатта унга ул-бул нарса совға қилиш тараддудига тушадилар. Сиз уларга, Лондондаги барча совғабоп қандиллар-у, кўзалардан ҳам кўра, шу бир даста мактуб келиннинг кўнглини кўпроқ хушнуд қилади, деб тушунтиринг.

      – Бунинг иложи йўқ, – деб эътироз билдирди Холмс.

      – Э Худо, қандай ачинарли ҳол! – деди Милвертон киссасидан қалин ёндафтар чиқараркан. – Таассуфки, хонимларимизнинг маслаҳатчилари донишманд эмас, деб ўйлашга мажбурман: улар йўл-йўриқ кўрсатишни билмайдилар. Мана буни кўринг!

      У муҳрланган конверт ичидан хат чиқарди.

      – Буни ёзган… йўқ, беандишалик қилиш яхши эмас. Аммо эртага бу мактуб, уни ёзган хонимнинг эрига бориб тегади. Бундай бўлишига борйўқ сабаб шуки, хоним бу мактуб учун арзимаган ҳақ тўлашдан бош тортаяпти, ҳолбуки, ўша талаб қилинган ҳақни ярим соат ичида – бриллиантларини қалбакисига айрибошлаб топса бўларди. Афсус, афсус! Айтинг-чи, мисси Майлс билан полковник Доркингнинг никоҳ тўйи бузилгани эсингиздами? Бу ҳақда «Morning post» газетаси никоҳга атиги икки кун қолганида хабар қилган эди. Хўш, нега бундай бўлган эди? Йўқ, ҳеч ақл бовар қилмайди бунга – арзимаган бир минг икки юз фунт пул билан ишни пиширса бўларди. Ахир бу аянчли эмасми? Сиз эса, шундай бамаъни одам бўла туриб, мижозингизнинг номуси ва келажаги ҳал бўлаётган чоғда савдолашиб ўтирибсиз-а! Мени ҳайрон қолдиряпсиз, мистер Холмс.

      – Мен очиғини айтдим, – эътироз билдирди Холмс. – Мижозим бунча пулни топа олмайди. Лекин мен айтган нарх ҳам кам пул эмас. Шунча ақчадан воз кечиб бир бечора аёлни бахтиқаро