Ташкилотимиз аъзолари орасида дўстим бор эди. У олижаноб, беғараз одам эди, мени севарди, хуллас, эримнинг мутлақо тескариси эди. У зулмистибдоддан нафратланарди. Агар шу айб ҳисобланса, биз ҳаммамиз айбдор эдик, аммо у бегуноҳ эди. У мактублар ёзиб, мени ўзга йўлни танлашга даъват этарди. Ана шу мактублар ҳамда шу одамга бўлган ҳиссиётларимни ва ҳар хил мулоҳазаларимни муттасил қайд қилиб борган кундалик дафтарим дўстимни сургундан қутқарган бўлар эди. Аммо эрим шу кундалигимни ва Алексейдан келган мактубларни топиб олиб яшириб қўйди. У Алексейни ўлимга ҳукм қилишларини истаб, уни қоралай бошлади. Лекин қўлидан келмади. Алексей Сибирга сургун қилинди. Ҳозир, сиз билан биз бу ерда ўтирган пайтимизда у у ёқда, туз конида изтироб чекмоқда. Сен шуни ўйла, аблаҳ, разил аблаҳ! Алексей кишанбанд бўлиб қуллик азобини тортмоқда, аммо унинг ҳатто исмини тилга олишга ҳам арзимайдиган сен бўлсанг, бу ерда фароғатда яшамоқдасан. Ҳаётинг ҳозир менинг қўлимда, аммо мен қўлимни булғамоқчи эмасман!
– Сен мудом олиҳиммат аёл бўлгансан, Анна, – деди у сигарета тутунини чуқур-чуқур тортаркан.
Аёл оёққа турди, лекин шу заҳоти қаттиқ оғриқдан инграб, яна ўтириб қолди.
– Гапимни ниҳоясига етказишим керак, – деди у. – Сургун муддатим тугагач, мен қандай қилиб бўлмасин кундалик билан мактубларни қўлга киритишга ва уларни Россия ҳукуматига жўнатишга аҳд қилдим: фақат шундагина дўстимни озодликка чиқаришлари мумкин эди. Мен эримнинг Англияда эканлигини билардим. Бир неча ой давом этган бесамар қидирувлардан кейин, ахири уни топдим. Унинг кундалигимни асраб қўйганини ҳам билардим, чунки Сибирдалигимда ундан хат олган эдим; у хатида кундалигимдан лавҳа келтириб гинахонлик қилган эди. Лекин унинг ичиқора одамлигини билардим, демак, кундалигимни ўз ихтиёри билан менга қайтариб бермаслигига имоним комил эди. Демак, уни ўғирлашим лозим эди. Мен шу мақсадда хусусий хуфия агент ёлладим, у эримга котиб сифатида ишга ёлланди. Бу сенинг иккинчи котибинг эди, Сергей; у сал вақт ўтар-ўтмас бўшаб кетди. У кундалик билан мактублар секретернинг ўрта ғаладонида сақланишини аниқлаб берди, яна ғаладон калити шаклини ясаб берди. У бошқа ҳеч нима қилишни истамади. У менга уйнинг режасини топшириб, куннинг иккинчи ярмида кабинетда ҳеч ким бўлмаслигини айтди. Чунки бу пайтда котиб юқорида, яъни бу ерда ишлар экан. Қисқаси, мен таваккал қилдим-у, ҳужжатларни қўлга киритиш учун ўзим уйга кириб келдим. Тўғри, мен кўзлаган нарсаларимни олдим, лекин бу жуда қимматга тушди! Ҳужжатларни қўлимда ушлаб, ғаладонни қулфлай бошлаган эдим, шу пайт анави йигит мени тутиб олди. Уни эрталаб кўрган эдим. Мен у йигитга катта йўлда тўқнаш келиб, ундан профессор Корэм қаерда туради, деб сўраган эдим: профессорга котиблик қилишини қаёқдан билибман!
– Жуда тўғри! – деди Холмс. – Котиб уйга келиб бу учрашув ҳақида хўжайинига сўзлаб берган. Кейин, жон бераётиб, қотил ўша, яъни профессорга сўзлаб берган эрталабки аёл эканлигини айтмоқчи бўлган
– Гапимни тугатишга имкон беринг! – деди аёл буйруқ оҳангида, шунда дардининг оғирлигидан афти буришиб