Артур Конан Дойл

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


Скачать книгу

Холмс. Лекин ҳар қандай қулф тешиги атрофида ҳам бунақа қирилган ерлар бўлади-ку.

      – Бу жой яқинда қирилган, у жуда янги чизиқ. Биринждаги чизиқнинг ярақлашини кўринг. Агар у эски бўлса, аллақачон хира тортиб, биринжнинг қолган сатҳидан фарқ қилмай қоларди. Қирилган ерга сиз заррабин орқали қаранг. Чизиқнинг икки лаби худди янги ҳайдалган ердаги эгатга ўхшайди. Миссис Маркер қаерда?

      Хонага чеҳраси маъюс ва ҳорғин кекса аёл кирди.

      – Кеча эрталаб бу ернинг чангини артганмидингиз?

      – Ҳа, сэр.

      – Мана бу қирилган жойни кўрувдингизми?

      – Йўқ, сэр, кўрмовдим.

      – Албатта кўрмагансиз. Сиз секретернинг чангини артаётганингизда у ҳали қирилмаган эди, акс ҳолда локнинг мана бу кўз илғамас ушоқларини латта билан сидириб юборган бўлардингиз. Секретернинг калити кимда?

      – Профессор уни соатининг занжирига илиб олган.

      – Калит оддийми?

      – Йўқ, сэр, жимжимадор.

      – Жуда яхши. Кетишингиз мумкин, миссис Маркер. Дуруст, иш анча ойдинлаша бошлади. Бизнинг хоним хонага кириб, тўғри ўрта ғаладон олдига боради, кейин уни очади ёки, йўқ деганда, очмоқчи бўлади. Бу пайт хонада ёш йигит Смит пайдо бўлади. Буни кўрган хоним калитни қулф тешигидан шошқалоқлик билан тортиб олаётганида қулф атрофини қириб юборади. Йигит уни ушламоқчи бўлади, лекин аёл қўлига биринчи бўлиб илинган қуролни (яъни стол устида ётган пичоқни) олади-ю Смитга санчади, йигит чалқанчасига йиқилади, шунда аёл, ўзи излаб келган нарсасини, эҳтимол, бир қўлида чангаллаганча, қочиб кетади. Оқсоч қиз Сьюзен шу ердами? Айтинг-чи, Сьюзен, сиз чинқирган овозни эшитганингиздан кейин бирон киши манави эшикдан чиқиб кетишга улгурармиди?

      – Йўқ, сэр, ҳеч ким чиқиб кета олмасди. Негаки, мен зинадан югуриб тушиб келаётганимда йўлакда ўша одамни албатта учратган бўлардим. Ундан кейин, бу эшик очилганиям йўқ, очилса албатта эшитиларди.

      – Бундан чиқди, хоним ўзи келган йўлдан қайтиб чиқиб кета олмаган. Бу йўлак профессорнинг хобхонасига олиб борадими? Бу ёқдан ташқарига чиқадиган йўл йўқми?

      – Йўқ, сэр.

      – Энди юринглар, бориб профессор билан танишайлик. Буни қаранг, Хопкинс! Профессорнинг кабинетига олиб борадиган йўлакка ҳам боягиндек норжил бордони тўшалипти. Бу жуда муҳим, жуда, жуда муҳим!

      – Муҳим денг!

      – Иккала йўлак ўртасида қандай боғланиш борлигини кўрмаяпсизми?.. Эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Лекин бундай қараганда… Ҳа, яхши, юринг, мени профессор билан таништиринг.

      Биз йўлакдан ўтдик. Бу ҳам тахминан, бояги, орқа эшиги боққа очиладиган йўлак билан бир хил узунликда эди. Йўлак охирида бир неча пиллапоя бўлиб, шуни босиб чиққач, эшикка етиларди. Ҳамроҳимиз шу эшикни тақиллатди, сўнг биз профессорнинг хобхонасига кирдик.

      Хона катта бўлиб, унинг ҳамма девори сидирғасига китоб рафлари билан тўсилган эди, бир қисм китоблар хонанинг бурчакларида ва рафлар тагида ерда тўп-тўп бўлиб ётарди. Каравот ўртада бўлиб, уй соҳиби ёстиқларга ёнбошлаб ўтирарди. Мен унинг чеҳрасига боқиб ҳайратландим: чувак