шундай кечада бизни бирон ерга судраб кетмассиз деб ўйлайман.
Изқувар юқорига кўтарилди. Чироқ ёруғида унинг плаши худди балиқнинг ҳўл тангачаларидек ялтирарди. Холмс каминга қаланган палёнларни титкилаш билан овора бўлганида мен Хопкинснинг ечинишига кўмаклашдим.
– Қани, буёққа келинг, азизим Хопкинс, оёқларингизни оловга тутинг, – деди у. – Мана сизга сигара, докторимизда эса, таркибида қайноқ сув ва лимон бўлган ажойиб шифобахш дори бор. Бундай рутубатли тунда ундан яхшироқ дармондори топилмайди. Шундай жала қуйиб турган пайтда сизни уйдан чиқишга жуда муҳим бир иш мажбур этган бўлса керак, а?
– Топдингиз, мистер Холмс. Бугунги куним жуда беҳаловат ўтди-да! Сиз Йоксли воқеаси ҳақида сўнгги янгиликларни ўқигандирсиз?
– Мен бугун ўқиган сўнгги янгиликлар ўн бешинчи асрга тааллуқли.
– Ҳечқиси йўқ. Ўша хабар атиги бир бандгина эди, холос, у ҳам ғирт ёлғон гаплардан иборат, айтмоқчиманки, агар ўқимаган бўлсангиз, ҳеч нима йўқотмабсиз. Очиғини айтсам, мен вақтни бекор ўтказмадим. Йоксли Кент вилоятига жойлашган, у Чатамдан етти миля ва темир йўлдан уч миля масофада. Телеграмма қўлимга соат уч-у чоракда тегди, соат бешда Йокслида эдим. У ерда тергов ўтказиб бўлиб, охирги поезд билан Лондонга қайтиб келдим-у, Чаринг-Кросс бекатидан тўғри ҳузурингизга келавердим.
– Гапингиздан маълум бўлишича, сизга баъзи нарсалар ойдин эмас.
– Баъзи нарсалар? Йўқ, менга ҳеч нима ойдин эмас. Бунақа чалкаш ишни ҳеч қачон учратмаганман. Лекин олдинига, бу иш оппа-осон, уни ечиш ҳеч гап эмас, деб ўйлагандим. Гап шундаки, жиноятнинг сабаби йўқ, мистер Холмс. Мана шу сабабнинг йўқлиги менга ҳеч тинчлик бермаяпти! Одам ўлдирилган, буни инкор этиб бўлмайди, лекин ким унинг ўлимини хоҳлаган – шу нарса жумбоқ бўлиб қоляпти.
Холмс сигарасини ёндириб креслога суянди.
– Бир бошдан сўзлаб беринг, – деб таклиф қилди у.
– Ҳамма далилларни муфассал ўрганиб чиқдим, – деб ҳикоясини бошлади Стэнли Хопкинс, – лекин ўша далилларнинг маъносига тушунишни истардим. Бундан бир неча йил бурун, шаҳар ташқарисидаги Йоксли-Олд-плейс уйи ўзини профессор Крэм деб танитган бир одам томонидан ижарага олинган. Профессорнинг дарди анча оғир. У гоҳ тўшагидан турмай ётар, гоҳ ҳасса таяниб уй ичида судралиб юраркан, ё бўлмаса боғбон уни аравачага ўтказиб боғда сайр қилдираркан. Қўшнилар билан тотув экан, улар профессорни кўргани кириб туришаркан. Одамлар уни жуда донишманд одам дейишаяпти. Профессорнинг уйида хизмат қилувчилар: рўзғор соҳибаси кекса миссис Маркер билан оқсоч Сьюзен Тарлтонлардан иборат. Улар профессор шу уйга кўчиб келган вақтдан унинг хизматида, икковлари ҳам мутлақо беқусур. Профессор қандайдир илмий иш ёзаётганмиш. Бундан бир йилча бурун у ўзига котиб зарурлигини айтган. Ишлагани келган котибларнинг дастлабки иккитаси унга маъқул бўлмаган, лекин учинчиси – эндигина дорилфунунни битирган ёш йигит мистер Уиллоуби Смит айнан профессор орзу қилган котиб бўлиб чиқади. У эрталаблари профессор айтиб турган илмий