Артур Конан Дойл

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


Скачать книгу

кейин сиздан юз ўгирган, – деди жаҳл билан Холмс. – У сиздан яшириниш мақсадида Америкадан Англияга қочган ва бу ерда ўз бахтини топиб, иззат-эътиборли бир зот билан турмуш қурган. Сиз бўлсангиз унга таҳдид қилгансиз, уни муттасил таъқиб этиб, шўрликнинг ҳаётини жаҳаннамга айлантиргансиз, севикли эридан воз кечишга ва сиз билан бирга қочишга мажбур қилгансиз… Лекин у сиздан қўрқар, нафратланар эди. Шунда сиз бир олижаноб инсонни отиб ўлдиргансиз, унинг хотинини ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келгансиз. Мана сизнинг кўрсатаётган хизматларингиз, мистер Аб Слени, бу қилмишларингиз учун энди жавоб беришингизга тўғри келади.

      – Агар Илси ўлса, унда мен учун ҳаётнинг сариқ чақалик қиймати қолмайди: мени нима қилсанглар ҳам барибир, – деди америкалик.

      У муштини ёзиб кафтида ётган хатни кўрди.

      – Менга қаранг, мистер, – деб бирдан чинқириб юборди у, кўзлари шубҳали порлади, – сиз мени лақиллатиб қўрқитмоқчи эмасмисиз мабодо? Агар леди оғир ярадор бўлса, унда бу хатни ким ёзди?

      Шундай деб у хатни стол устига отди.

      – Уни мен ёздим, мақсад: сизни бу ерга келишингиз эди.

      – Ростдан-а? Сиз ёздингизми уни? Ахир бу раққос одамчалар сирини бизнинг тўдамиз аъзоларидан бошқа бутун ер куррасида биронта ҳам одам билмайди-ку. Сиз уни қандай ёздингиз?

      – Одамзод кашф этган нарсани инсон боласи тушуниб олиши муқаррар, – деди Холмс. – Ана кэб2 келяпти, сизни бу кэбда Норижга жўнатишади, мистер, юмшатиш учун имконият бор сизда. Миссис Хилтон Кьюбиттни жуда оғир жиноятга қўл урган, яъни ўз эрини отиб ўлдирган деб гумон қила бошлашган эди, фақат менинг бу ерда бўлишим ва излаб топган маълумотларим ледини бундай айбдан озод қилди – шу нарсадан хабарингиз борми? Энди сиз мистер Хилтоннинг фожиали ўлимида хотинининг ҳам бевосита, ҳам билвосита айби йўқлигини бутун дунёга овоза қилишингиз шарт.

      – Мен ҳам шундай қилмоқчиман, – деди америкалик. – Билсам, фақат чин ҳақиқатни гапирганим маъқулга ўхшайди. Сизларга маълум бўлсинки, жентльменлар, мен бу леди билан танишганимда, у ҳали гўдак қизалоқ эди. Чикагода тузган тўдамиз етти кишидан иборат бўлиб, Илсининг отаси бошлиғимиз эди. Қария Патрик жуда ақлли одам эди! Болаларнинг ажи-бужи суратини эслатувчи ва эндиликда сиз ўқишнинг йўлини топган ўша ҳарфларни шу чол кашф этган эди. Илси бизнинг баъзи ишларимизни сезиб қолиб, даҳшатдан сочлари тиккайди, унинг ўз меҳнати билан жамғарган оз-моз пули бор эди, ана шу пулини ишлатиб, Лондонга қочиб келди. Биз у билан унаштириб қўйилган эдик, агар касбимни ўзгартирганимда, у менга турмушга чиққан бўлар эди. Ўзгартирмаганим учун у мендан бутунлай юз ўгирди. Илси анави инглизга турмушга чиққанидан кейингина унинг қаердалигини билиб олдим. Унга мактуб ёздим, аммо жавоб бўлмади. Шундан кейин, ўзим бу ерга келдим, ёзган хатларим Илсининг қўлига тегмаслиги мумкинлигини билиб, унинг кўзи тушадиган ерларда сирли хат ёзиб қолдира бошладим.

      Мен бу ерда бир ойдан бери турибман. Бир фермага жойлашганман. Мен ижарага олган хона биринчи қаватда: кечалари