ўқ гумбирлади-ю, у ерга «гурс» этиб қулади.
– Мени едингиз, – деб пичирлай олди, холос. Аёл мурдага тикилиб турди-да, пошнаси билан унинг юзига бир тепди. Кейин яна тикилди – Милвертон инграмади ҳам, қимирламади ҳам. Аёл жойидан қўзғалгани эшитилди, дим хонага тунги салқин ҳаво эсиб кирди-ю, қасоскор хоним ғойиб бўлди. Биз бу фалокатга йўл қўймаслик учун минг уринганимизда ҳам у одамни ўз қисматидан қутқариб қололмаган бўлардик; лекин шунга қарамай, агар аёл гандираклаётган Милвертонга кетма-кет ўқ узаётган пайтда Холмс қўлимдан маҳкам ушлаб қолмаганида борми, албатта ёрдамга отилиб чиққан бўлардим. Мен дўстимнинг қай маънода қўлимни маҳкам сиққанига тушундим. Бу билан Холмс, буни бизга дахли йўқ, ниҳоят одил суд бу разолат бандаси устидан чиқарган ҳукмини ижро этди, бизнинг ўз бурчимиз, ўз мақсадимиз бор, шуни унутмаслигимиз керак, демоқчи бўлган эди. Аёл ғойиб бўлган ҳамоно Холмс ички эшик олдига шипиллаб бориб калитни бураб, уни қулфлади. Айни шу пайт уйнинг ҳар томонидан шовқин-сурон ва югурган оёқ товушлари эшитила бошлади. Ўқ овози бутун хонадонни оёққа турғизган эди. Холмс ҳеч ҳовлиқмасдан темир сандиқ олдига борди, у ердаги даста-даста мактубларни иккала қўли билан сидириб олиб, оловга ташлади, кейин яна ва яна олиб ташлайверди, хуллас, сандиқни шипшийдам қилди. Шу пайт кимдир эшик бандини босди, сўнг уни тапиллата бошлади. Холмс атрофга тез кўз югуртириб чиқди. Милвертоннинг столида ўлим даракчиси – қонга бўялган мактуб ётарди. Холмс уни ҳам каминга ташлади. Кейин у сиртқи эшикнинг калитини олиб, мени эшикдан чиқарди, сўнг ўзи ҳам чиқиб эшикни қулфлади.
– Бу ёққа, Уотсон, – деди у, – боғ деворидан ошишимизга тўғри келади.
Бутун уйни ваҳима шунчалик тез қамраб олишини тасаввур қилмаган эдим. Орқамга ўгирилиб, уйдаги ҳамма деразаларнинг чироқдан ёруғлигини кўрдим. Уйнинг асосий эшиги ланг очилган, хиёбонда кимлардир югуриб юрарди. Боғ ғиж-ғиж одам эди. Аллаким бизнинг ровондан отилиб чиққанимизни кўриб қолди, қичқирганча орқамиздан қува бошлади. Холмс боғдаги ҳар бир йўлакни пухта ўрганган эди, шунинг учун, дарахтлар ва буталар орасидан дадил олға югуриб борар эди. Мен ундан бир қадам ҳам орқада қолмасликка уринардим. Орқамдан изма-из биров қувиб келаётган эди – мен унинг ҳансираб нафас олишини эшитдим. Йўлимизга олти фут12 баландликдаги девор ғов бўлди. Холмс бир сакрашда ундан ошиб тушди. Мен ҳам сакрадим, лекин девор бошига қўлларим билан маҳкам ёпишганимни биламан, шу пайт, кимдир оёғимдан торта бошлади. Мен оёғимни бир силтаб тортиб олиб, деворнинг синиқ шишалар билан ихота қилинган бошига бир амаллаб чиқиб олдим, сўнг деворнинг нариги ёғига юз тубан йиқилдим. Холмс бир зумда мени оёққа турғизди, шундан сўнг поёни йўқ Хемстед майдонидан югуриб кетдик. Шу югуришда биз тахминан икки миляча13 йўл босдик, шундан кейингина Холмс тўхтаб қулоқ солди.
Атроф худди сув қуйгандек жимжит эди. Демак, таъқибдан қутулибмиз.
Эртаси куни эрталаб биз нонушта қилиб бўлиб, трубка чекиб ўтирган эдик, ғарибона меҳмонхонамизга