Артур Конан Дойл

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


Скачать книгу

– деди Холмс, унинг кўзларида қаттиқ ҳаяжон акс этарди, – бу одамчалар олдинги ёзувга илова қилинганмиди ёки алоҳида ерга чизилганмиди?

      – Булар эшикнинг пастки қисмига чизилган эди.

      – Жуда соз! Биз учун бу ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Мен бундан таскин топдим. Марҳамат, мистер Хилтон Кьюбитт, қизиқарли ҳикоянгизни давом эттираверинг.

      – Бошқа айтадиган гапим қолмади, мистер Холмс, фақат шуни илова қилишим мумкинки, анави маълум рассомни қўлга туширишимга халал бергани учун хотинимдан қаттиқ аччиқландим. У, сиздан хавотир олгандим, деб ишонтирди мени. Аввалига, хотиним мендан эмас, ўша сураткашдан хавотир олган, деб шубҳа қила бошладим, чунки у одамнинг кимлиги ҳам, аломат ёзувларнинг қандай маънони билдириши ҳам хотинимга маълумлигига заррача гумоним қолмаган эди. Лекин, мистер Холмс, хотинимнинг овози ва нигоҳи ҳар қандай шубҳани бартараф қилиш қобилиятига эга, шунинг учун энди унинг, дарҳақиқат, мендан хавотирланганига имоним комил… Бор гап шу. Энди, бундан бу ёғига нима қилишим керак, маслаҳат берсангиз. Сирасини айтсам, қишлоғимизнинг бешолтита азамат йигитини буталар орасига пистирмага қўйиб, ўша рассомнинг бир пўстагини қоқиб, хумордан чиқсам дейман, ўшанда бизни тинч қўярмиди балки.

      – Менимча, бу мураккаб дардни бундай усул билан даволаб бўлмайди, – деди Холмс. – Лондонда яна қанча вақт бўласиз?

      – Шу бугуноқ уйга қайтишим керак. Хотинимни кечасига ёлғиз қолдира олмайман. Уйдан чиққанимда унинг кўнгли жуда ғаш эди, тезроқ қайтиб келинг, деб илтимос қилди.

      – Тўғри қиласиз. Лекин агар қолишга имконингиз бўлганида, бир-икки кундан кейин мен ҳам сиз билан бирга кетган бўлардим. Бўлмаса, бу қоғозларни менга қолдиринг. Яқин орада ўзим ҳузурингизда бўламан, ана унда, бу ишни бир оз бўлса ҳам ойдинлаштирсам керак, деб ўйлайман.

      Шерлок Холмс ўз касбига кўра хотиржам эди, лекин унинг феълини жуда яхши ўрганганим учун, қаттиқ безовталанаётганини яққол кўриб турардим. Яғриндор Хилтон Кьюбитт эшикдан чиқиб кетиши билан дўстим стол олдига югуриб бориб, раққос одамчаларнинг сурати чизилган қоғозларни ёйди ва аллақандай мураккаб ҳисоблар билан шуғуллана бошлади. У икки соат муттасил бошини кўтармай қанчадан-қанча оқ қоғозларни рақамлар ва ҳарфлар билан тўлдириб ташлади. Бу машғулотга у шу қадар берилиб кетган эдики, ҳатто менинг шу ерда ўтирганимни ҳам унутиб юборгандек кўринарди. Иши юришган пайтларда у хиргойи қилиб, ҳуштак чала бошлар, лекин мушкул аҳволга тушган пайтларда, кўзлари бежо бўлиб узоқ вақт пешонасини тириштириб ўтирарди. Ниҳоят у, кўнгли таскин топгандек қийқириб юборди, ўрнидан туриб, кафтларини бир-бирига ишқалаганча хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Кейин у узундан-узун телеграмма ёзиб жўнатди.

      – Агар телеграммага ўзим кўзлагандек жавоб келса, Уотсон, китобингиз яна янги бир саргузашт билан бойийди, – деди у. – Назаримда, эртага сиз билан Норфолкка жўнасак керак, у ерда биз дўстимиз бошига кўп мусибатлар солган сирни батамом фош қилсак ҳам ажаб эмас.

      Очиғини айтсам, синчковлигим мени тинч қўймаётган