Александр Дюма

Уч мушкетёр


Скачать книгу

герсог Бэкингемнинг қаердалигини билганимда эди, ақалли кардиналнинг жонига тегиш учун унинг қўлларидан ушлаб, қироличанинг ҳузурига элтиб қўйган бўлурдим. Ахир бизнинг энг ашаддий душманимиз – кардиналку, башарти, унга бирор қалтис ҳазил қилишга баҳона топилганда эди, мен ҳатто, бошимни тикишга тайёр бўлардим.

      – Аттор ҳам, – сўради Атос, – Бэкингемни бу ёққа сохта мактуб билан чақирганлар, деб қиролича чўчиётганини рамз қилдими сизга, д’Артаньян.

      – У шундан қўрқаётир.

      – Сабр қилинг, – деди Арамис.

      – Нима гап? – сўради Портос.

      – Ҳеч нима, давом этаверинг. Мен баъзи жиҳатларини эслашга уриняпман.

      – Ҳозир эса ишончим комилки, – деб давом этди д’Артаньян, – ишончим комилки, бу аёлнинг ўғирланиши биз гапирган воқеалар билан, эҳтимол, герсог Бэкингемнинг Парижга келиши билан ҳам вобаста.

      – Бу гасконликнинг зеҳни ғоят ўткир-да! – қойил бўлиб хитоб қилди Портос.

      – Мен уни тинглашни жуда севаман, – деди Атос. – Унинг талаффузи кўнглимни очади.

      – Қулоқ солинг, муҳтарам жаноблар! – дея гап бошлади Арамис.

      – Арамисни эшитайлик! – хитоб қилишди дўстлар.

      – Кеча мен овлоқ даҳада бир ақоидшунос олимникида эдим, илмий ишларим талаб этганда у билан маслаҳатлашиб тураман…

      Атос жилмайиб қўйди.

      – Машғулотлар йўсини ва ўз ҳавасларига мувофиқ, – давом этди Арамис, – у йироқ даҳада истиқомат қилади. Шундай қилиб, мен уникидан чиқиб кетаётган пайтда…

      Шу ерда Арамиснинг нафаси ичига тушиб кетди.

      – Хўш, нима бўлди? Сиз уникидан чиқиб кетаётган пайтда…

      Арамис ёлғон гапира-гапира ногоҳ тўсиққа қоқилиб кетган киши сингари тараддудланиб қолди. Лекин, тингловчиларнинг кўзлари унга қадалган, ҳамма зориқиб, ҳикоянинг давомини кутар ҳамда чекиниш учун фурсат ўтган эди.

      – Ўша ақоидшуноснинг жияни бор… – давом этди Арамис.

      – Шундай денг! Унинг жияни бор денг! – деб унинг сўзини бўлди Портос.

      – Жуда ҳурматли хоним, – изоҳ берди Арамис.

      Учала дўст кулиб юборди.

      – Агар сўзларимдан шубҳа қилиб кулаётган бўлсангиз, – деди Арамис, – ортиқча ҳеч нарса билмайсиз.

      – Биз мусулмонлар каби мўминмиз ва катафалк27 каби гунгмиз, – деди Атос.

      – Демак, мен давом этяпман, – яна сўз бошлади Арамис. – Ўша жиян аҳён-аҳёнда тоғасидан хабар олиб туради. Кеча иттифоқо у мен билан бир вақтда бориб қолиб, уни извошгача кузатиб қўйишимга тўғри келди…

      – Э, шунақа денг ҳали! Извош бор эканми, ўша ақоидшуноснинг жиянида? – деб асосий қусури тилни тишлаб тура билмасликдан иборат бўлган Портос яна унинг сўзини бўлди. – Ажойиб танишлик, дўстим.

      – Портос, – деди Арамис, – етарли даражада камтар эмассиз, бу аёллар назарида сизни камситади, деб сизга бир қур айтиб ўтган эдим.

      – Жаноблар, жаноблар, – бутун воқеанинг тагидаги гапга фаҳми етиб, хитоб қилди д’Артаньян, – иш жиддий! Иложи бўлса ҳазиллашмасликка ҳаракат қилсак.