йўқ. У парча-парча бўлиб кетди.
Мен индамадим.
– Сиз бу узоқ давом этади, деб ўйлайсизми?
– Йўқ.
– Охири нима бўлади?
– Бирон ерда чирт узилади-кетади.
– Биз узиламиз. Биз Францияда узиламиз. Соммдагига ўхшаш қилғиликни қилиб қўйиб ҳам узилмай бўладими?
– Бу ерда узилмайди, – дедим мен.
– Наҳотки?
– Ҳа. Бултур ёз ишлар ёмон бўлмади.
– Узилиши мумкин, – деди у. – Ҳамма ёқда узилиши мумкин.
– Немисларда ҳам.
– Йўқ, – деди у. – Ундоқ эмас.
Биз Ринальди билан миссис Фергюсоннинг олдига бордик.
– Сиз Италияни севасизми? – деб сўрарди мисс Фергюсондан Ринальди инглизчалаб.
– Тузук, ёмон эмас.
– Тушунмадим. – Ринальди бошини чайқаб қўйди.
– Abbastanza bene10, – тилмочлик қилдим мен. У бошини чайқади.
– Бу яхши эмас. Сиз Англияни севасизми?
– Унчамас. Биласизми, мен шотландияликман.
Ринальди менга савол назари билан қаради.
– У шотландиялик, шунинг учун Англиядан кўпроқ Шотландияни севади, – дедим мен италянчалаб.
– Аммо Шотландия – ахир Англия-ку.
– Мен унинг сўзларини мисс Фергюсонга таржима қилиб бердим.
– Pasencore11, – деди мисс Фергюсон.
– Бўлганича йўқ?
– Ва ҳеч қачон бўлмайди. Биз инглизларни ёқтирмаймиз.
– Инглизларни ёмон кўрасиз? Мисс Барклини ёмон кўрасизми?
– Э, бу бутунлай бошқа гап. Бундай яланғоч тушуниш ярамайди.
Бир оз ўтгач, биз хайрлашдик. Йўл-йўлакай Ринальди деди:
– Сиз мисс Барклига мендан кўра кўпроқ ёқиб қолдингиз. Бу кундай равшан. Лекин анов шотландиялик қиз ҳам ёқимтойгина экан.
– Жуда ҳам, – дедим мен. – Мен унга тузукроқ қарамаган эканман. У сизга ёқдими?
– Йўқ, – деди Ринальди.
Бешинчи боб
Эртаси куни мен яна мисс Барклининг олдига бордим. Боғда у кўринмади, шунинг учун мен санитар машиналар келиб-кетиб турган вилла ёнидаги эшикка яқинлашдим. Ичкарига кириб, госпиталнинг катта ҳамширасини кўриб қолдим. У менга, мисс Баркли навбатчилик қиляпти, деди.
– Уруш, биласиз-ку.
Мен, биламан, дедим.
– Сиз италян армиясида хизмат қилиб юрган ўша америкаликмисиз? – деб сўради у.
– Ҳа, мэм.
– Нега ундай қилдингиз? Нега ўзимизга ўтмадингиз?
– Ўзим ҳам билмайман, – дедим мен. – Энди сизларга ўтсам бўлармикин?
– Энди ўтиб бўлмас дейман. Айтинг-чи, нега италян армиясига кирдингиз?
– Мен Италияда яшаганман, – дедим мен, – мен италянча гаплашаман.
– О! – деди у. – Мен италянчани ўрганяпман. Жуда чиройли тил.
– Уни икки ҳафтада ўрганиб олса бўлади, дейишади.
– Йўғ-э, мен икки ҳафтада ўрганолмасман. Мен бир неча ойлардан бери шуғулланаман. Агар уни кўрмоқчи бўлсангиз, соат еттидан кейин кела қолинг. Унгача ишини топшириб бўлади. Лекин ўзингиз билан қаланғи-қасанғи италянларни судраб юрманг.
– Тили