Эрнест Миллер Хемингуэй

Алвидо, қурол


Скачать книгу

Лекин сиз жуда ажойибсиз. Сиз жуда оқ кўнгилсиз, жуда.

      – Руҳоний ҳам шундай дейди.

      – Ҳа, сиз оқ кўнгилсиз. Сиз олдимга келиб турасиз-а?

      – Албатта.

      – Менга севаман деб айтишингизнинг ҳожати йўқ. Бу ҳозирча тамом бўлди. – У ўрнидан туриб, менга қўлини узатди. – Хайрли тун.

      Уни ўпгим келди.

      – Йўқ, – деди у. – Қаттиқ чарчадим.

      – Бари бир мени ўпиб қўйинг, – дедим.

      – Қаттиқ чарчадим, жоним.

      – Ўпиб қўйинг мени.

      – Жуда ҳам керакми?

      – Жуда.

      Биз ўпишдик, лекин у тўсатдан юлқиниб чиқди.

      – Қўйинг. Хайрли тун, жоним.

      Биз эшиккача бордик ва мен унинг остона ҳатлаб пешайвондан юриб бораётганини кўриб турдим. Унинг ҳаракатларини кузатиб завқланардим. У даҳлизга ўтиб кўздан йўқолди. Мен уйга кетдим. Жуда дим кеча эди, юқорида, тоғларда ҳамон тўплар отилмоқдайди. Сан-Габриеле томонда ёлқинлар кўринарди.

      «Вилла-Росса» олдида тўхтадим. Деразалар тўсиб қўйилган, лекин ичкаридан ҳали шовқин эшитилиб турарди. Кимдир ашула айтарди. Ётоққа кўтарилдим. Ечиниб турганимда, Ринальди кириб келди.

      – Э-ҳа, – деди у. – Иш чатоққа ўхшайди-ку. Бэби нохуш кўринади.

      – Қаерда эдингиз?

      – «Вилла-Росса»да. Юракка малҳам-да, бу, бэби. Биз хор бўлиб ашула айтдик. Ўзингиз қаёқда эдингиз?

      – Инглизларнинг олдига борувдим.

      – Худога шукрки, мен инглизлардан қутулганман.

      Еттинчи боб

      Эртасига тоғдаги биринчи постдан қайта туриб, мен машинани imsstemento14 олдида тўхтатдим, бу ерда ярадор ва касаллар ҳужжатларига кўра жойларга тарқатилар ва ҳужжатга қайси госпиталга юборилгани ҳақида ёзиб қўйиларди. Мен машинани ўзим ҳайдаб борган эдим, рулдан тушиб ўтирма-дим, ҳужжатларни шофёр кўрсатгани олиб кетди. Кун иссиқ эди, осмон артиб қўйилгандай тиниқ ва кўм-кўк, йўл эса тупроғи ўйнаган, оппоқ эди. Мен «фиат»нинг баланд ўриндиғида ўйсиз ҳолда ўтирардим. Ёнимда йўлдан полк ўтиб борарди, мен сафлар қандай қадам ташлаётганига қараб турардим. Одамлар ҳолдан тойган, терга пишган эдилар. Баъзи бировлар пўлат қалпоқлар кийиб олишган, лекин кўпчилик уларни халталарига осиб олганди. Қалпоқлар кўпларнинг бошига катта бўлиб, деярли қулоқларини ҳам бостириб тушганди. Офицерларнинг ҳаммаси қалпоқ кийган, лекин уларники бошларида ўрнашиб турарди. Бу Базиликат бригадасининг бир қисми эди. Мен уларни оқ-қизил йўл-йўл петлицаларидан танидим. Полк аллақачон ўтиб бўлганига қарамасдан, йўлдан ҳамон орқада қолганлар ўтиб боришарди, булар ўз бўлинмалари билан баробар боришга қурблари етмай қолганлар эди. Уларнинг ҳаммалари абгор, ҳаммаларини тер ва чанг босганди. Баъзи бирлари бутунлай касалга ўхшардилар. Орқада қолганларнинг охиргиси ўтиб кетгач, йўлда яна бир солдат кўринди. У оқсоқланиб борарди. У тўхтаб, йўл чеккасига ўтирди. Мен машинадан тушиб, унинг олдига бордим.

      – Нима қилди?

      У менга қараб қўйиб, ўрнидан турди.

      – Бўлди, кетдим.

      – Нима қилди ўзи?

      – Уруш-да, падарига…

      – Оёғиммас. Чуррам тушган.

      – Нега