У яна қўлини силкиди, кейин хиёбон тугади, мен машинага ўтирдим, йўлга тушдик. Авлиё Антоний оқ металлдан ишланган кичкина медальонга жойланган эди. Мен медальонни очиб, қўлимга қоқдим.
– Авлиё Антонийми? – сўради шофёр.
– Ҳа.
– Менда ҳам бор. – У ўнг қўлини рулдан олиб, тугмачасини ечиб, кўйлаги ичидан мендагига ўхшаш медалон чиқарди. – Кўрдингизми?
Мен авлиё Антонийни яна медальон ичига жойлаб, ингичка тилла занжирини йиғдим-да, ҳаммасини ён чўнтагимга солиб қўйдим.
– Сиз уни бўйнингизга осмайсизми?
– Йўқ.
– Яхшиси осиш керак. Бўлмаса нима ҳожати бор?
– Яхши, – дедим. Тилла занжирчани ёздим-да, бўйнимга осиб, занжирини қулфлаб қўйдим. Авлиё ҳарбий френчим устида туриб қолди, мен ёқамни очиб, кўйлагимнинг ёқасини бўшатдим-да, авлиё Антонийни ичимга солиб қўйдим. Машинада ўтирарканман, кўкрагимга унинг металл ғилофи суйкалиб борарди. Кўп ўтмай у эсимдан чиқди. Яраланганимдан сўнг уни қайтиб кўрмадим. Кимдир уни боғлаш пунктида ечиб олган бўлса, ажабмас.
Кўприкдан ўтгач, биз машинани тезроқ ҳайдадик ва кўп ўтмай олдинда бошқа машиналар кўтараётган чангни кўрдик. Бурилишдан ўтганимиздан сўнг учала машина ҳам кўринди; улар қўнғиздай бўлиб кўринмоқда эди, чанг ғилдираклар остидан кўтарилиб, дарахтлар ортига сингарди. Биз уларга етиб олдик, қувиб ўтиб, тоққа томон кетган бошқа йўлга бурилдик. Агар олдинги машинада кетаётган бўлсанг колоннада юриш ёмон нарса эмас, шунинг учун мен ўрнашиброқ ўтириб олиб, атрофни томоша қила бошладим. Биз дарё томондан тоғ этаги билан кетмоқда эдик, йўл юқорилагач, шимол томонда баланд қорли чўққилар кўринди. Орқамга назар ташлаб, қолган учта машинанинг баландликка қандай чиқиб келишини кузатдим, машиналар чанг-тўзон ичида элас-элас кўзга чалинарди. Биз юк ортилган хачирлар карвонини қувиб ўтдик, хачирларнинг ёнида қизил феска кийган ҳайдовчилар боришарди. Булар берсальерлар эди.
Хачирлар карвонидан кейин йўлимизда ҳеч нарса учрамади ва биз адирма-адир ошиб, сўнг узун тоғ ёнбағри бўйлаб дарё этагига тушдик. Бу ерда йўл бўйига дарахтлар экилган экан, ўнг ёқдаги қатор дарахтлар орқасида мен саёз, тин иқ, шошқин дарёни кўрдим. Дарёнинг суви пасайиб, тошлар ва қумлар оралаб арна-арна бўлиб оқарди, баъзан эса таги тошлоқ ўзанидан тонг шафағидай ёйилиб кетарди. Қирғоққа чиқаверишда чўнқир ўрларни кўрдим, уларга тўлиб турган сув осмон каби мовий эди. Дарё узра ёйсимон ғишт кўприкчалар ташланганди, уларга томон йўлдан тармоқ отиб сўқмоқлар тушиб борарди. Мен яна жанубий девори ёқалаб нокзорлар қад кўтарган деҳқонларнинг ғиштин иморатларини ва далалардаги пастактош тўсиқларни кўрдим. Йўл анча вақтгача водий бўйлаб борди, кейин биз бурилдик-да, яна тоққа кўтарила бошладик. Йўл юқорига тик кўтарилиб чиқар, каштанзор ичидан илон изи бўлиб ўтиб, ниҳоят, тоғ тизмалари ёқалаб кетарди. Дарахтлар сийрак жойлардан водий кўриниб турарди, ҳув олисда, пастда икки армияни ажратиб, қуёшда ярқираб иланг-биланг дарё оқарди. Биз адирларнинг нақ белидан тушган янги ҳарбий тош йўлдан кетдик, шимолда икки тоғ тизмаси чўзилиб ётарди, тоғлар асрий қорликларгача арча билан қопланганидан тўқ кўкимтир бўлиб қоронғиликда чулғаниб кўринар, қорли