Эрнест Миллер Хемингуэй

Алвидо, қурол


Скачать книгу

гапираётган бўлсам?

      – Сизни кўришим билан америкалик, деб ўйладим.

      – Яна бир америкалик, – деди шофёр чурраси тушган солдатга қараб италянчалаб.

      – Менга қаранг, лейтенант. Сиз мени албатта полкка элтиб ташлашингиз керакми?

      – Ҳа.

      – Гап шундаки, бош врач чуррам тушганлигини билади. Мен яна жангга кирмаслик учун касалим зўрайсин, деб боғичимни йўқотган эдим.

      – Тушундим.

      – Балки сиз мени бошқа бирон жойга олиб бориб қўярсиз?

      – Биз фронтга яқин бўлганимизда, сизни биринчи тез ёрдам пунктига топширган бўлардим. Лекин бу ерда, фронт орқасида ҳужжатсиз юриш мумкин эмас.

      – Мен қайтиб борсам, мени операция қилиб, сўнг доим жангга ташлашади.

      – Мен ўйланиб қолдим.

      – Сиз доим олдинги сафда бўлишни истармидингиз?

      – Йўқ.

      – О, лаънати! – деди у. – Қандоқ ярамас нарса бу уруш.

      – Қулоқ солинг, – дедим мен. – Машинадан тушиб, йиқилинг-да, бошингизни мўматалоқ қилинг, мен орқага қайтишда сизни оламан-да, госпиталга элтиб ташлайман. Машинани тўхтатиб юборинг-чи, Алдо.

      Биз йўл чеккасига ўтиб, тўхтадик. Мен унга тушишга ёрдамлашиб юбордим.

      – Мени мана шу ерда топасиз, лейтенант, – деди у.

      – Хайр бўлмаса, – дедим мен. Биз йўлимизга кетдик ва бир чақиримча юргач полкни қувиб ўтдик. Сўнг қорлар эриб, бўтана бўлиб қолган, кўприкнинг тагидан шитоб билан оқаётган дарёдан ўтиб, водийни кесиб ўтган йўлдан госпиталларгача бордик ва ярадорларни топширдик. Қайтишда рулга ўзим ўтирдим ва питтсбурглик солдат кутиб ўтирган жойга қичаб ҳайдадим. Биз янада ҳолдан тойган, ҳаракати янада сусайиб кетган полк олдидан ўтиб кетдик; кейин орқада қолганларга дуч келдик. Сўнг йўл ўртасида санитар аравасини кўрдик. Иккита санитар чурраси тушган солдатни кўтаришаётган эди. Уни қидириб келишганди. Мени кўриб, у бошини чайқади. Унинг каскаси тушиб кетган, пешанаси қонга беланган эди. Бурнининг усти шилиниб тушган, мўматалоқ бўлиб ётган яраларига тупроқ ёпишганди. Сочлари ҳам чангга беланганди.

      – Қаранг, қандақа шиш-а, лейтенант, – қичқирди у. – Аммо нима ҳам қилиб бўларди. Мени олиб кетгани келишибди.

      Мен виллага қайтиб келганимда, соат беш бўлган эди, мен машиналарни ювадиган ерда душга тушгани бордим. Кейин ётоқда – очиқ дераза олдида ёлғиз кўйлак-шимда ўтириб, рапорт тузиб чиқдим. Ҳужум эрта ўтиб индинга бошланадиган бўлиб, мен ўз машиналарим билан Плавага боришим керак эди. Мен Штатларга аллавақтлардан бери хат ёзмасдим, мен ёзмаса бўлмаслигини билардим, лекин бу ишни шунча замонлардан бери орқага суриб келганимдан, энди деярли мутлақо ёзиб бўлмасди. Ёзадиган нарсанинг ўзи йўқ. Мен Zona di Gurerra15 деган бир қанча хабарномалар юбордим, матндан «соғ-саломат юрибман» деган сўзлардан бошқа ҳаммасини ўчириб чиқдим. Шундай қилса, тезроқ боради. Америкадагиларга бунақанги ғалати ва сирли хабарномалар жуда ҳам ёқиб тушади, албатта. Уруш бу зонада ғалати ва сирли эди, лекин австрисларга қарши олиб борилган бошқа урушлар ичида бу энг пухта ўйланган ва ёвузроқ бўлиб туюларди менга. Австрия армияси Наполеоннинг ва умуман ўзини Наполеон деб ҳис қилувчи ҳар қандай кишининг ғалаба қозониши учун яратилганди.