барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилишди, ҳатто сайловда ҳам қатнашолмайди. Қонун ҳам энди уларни ҳимоя қилмайди. Истаган одам келиб, кўнгли тусаган нарсасини олиб кета олади.
– Оиласининг боши мана шундай маломатга қолишидан қўрқмаганда, ҳеч ким жангга кириб ўтирмасди.
– Албатта-да. Альп ўқчилари эса жангга киришаверган бўларди. Виктор-Эммануилнинг полки ҳам. Берсальерлар ҳам.
– Берсальерлар ҳам думини кўрсатган пайтлар бўлган. Ҳозир буни эслагилари келмайди.
– Сиз бекор бизни валақлашимизга йўл қўйяпсиз, tenente. Evviva l’esercito!16 – истеҳзоли қўшиб қўйди Пассини.
– Мен бундай гапларни эшитганман, – дедим мен.
– Бироқ ҳамонки сиз рулда ўтириб, ўз ишингизни бажараётган экансиз…
– …ва бошқа офицерлар эшитмайдиган қилиб секин гаплашаётган экансиз, – деб тугатди Маньера.
– Урушни охирига етказиш керак деб ҳисоблайман, – дедим мен. – Бир томон жангдан воз кечгани билан уруш тамом бўлиб қолмайди. Урушмай қўйсак, ҳолимиз бундан бешбаттар бўлади.
– Бундан бешбаттар бўлмайди, – деди одоб билан Пассини. – Урушдан бешбаттарроқ нарса йўқ.
– Мағлубият бешбаттар.
– Ундаймасдир, – деди Пассини ҳамон ҳурмат сақлаб. – Мағлубият нима ўзи? Хўш, уйга қайтамиз.
– Душман орқангиздан боради. Уйингизни олади.
Опа-сингилларингизни олади.
– Унчаликмасдир, – деди Пассини. – Ўлибди-да, ҳар кимнинг ортидан борса. Ҳар ким ўз хонадонини ҳимоя қилсин. Опа-сингилларини эшикка чиқармасин.
– Сизни осишади. Сизни қўлга олиб, яна уруш қилгани жўнатишади. Санитар транспортига эмас, пиёдалар сафига.
– Ўлдими, ҳаммани осишса.
– Бегона давлат ўзи учун урушишга мажбур қилолмайди, – деди Маньера. – Биринчи жангнинг ўзидаёқ ҳамма қочиб кетади.
– Чехларга ўхшаб.
– Сиз мағлуб бўлиш нималигини ҳали яхши билмайсиз, шунинг учун ҳам бу сизга унчалик ёмон эмасга ўхшаб туюлади.
– Теnеntе, – деди Пассини, – сиз бизга гапираверишга изн бергандай бўлдингиз. Мана, эшитинг бўлмаса. Урушдан кўра даҳшатлироқ нарса йўқ. Биз санитар бўлимларда ўтириб уруш қанчалар даҳшатли нарса эканлигини тушуниб етмаймиз. Бунинг даҳшатини фаҳмлаб улгурганлар эса, унга қаршилик қилишга улгуролмайдилар, чунки ақлдан озадилар. Ҳеч қачон ҳеч нарсани тушунмайдиган одамлар бўлади. Ўз офицерларидан қўрқадиган одамлар бор. Мана шундайлар билан урушни давом эттиришади.
– Мен уруш даҳшатли нарса эканлигини биламан, лекин биз уни охирига етказишимиз керак.
– Охири йўқ. Урушнинг охири бўлмайди.
– Йўқ, охири бўлади.
Пассини бошини чайқади.
– Урушни ғалабалар билан ютиб бўлмайди. Хўш, борингки Сан-Габрнелени олдик. Хўш, Карсо, Монфальконе ва Триестни олдик. Кейин-чи? Бугун анови узоқ тоғларни кўрдингизми? Хўш, сиз ўшаларнинг барини биз ололамиз дейсизми? Агар австрислар урушмай қўйса бошқа гап. Бир томон урушни бас қилиши керак. Нега биз қилишимиз мумкин эмас? Агар улар Италиягача боришса, ҳориб-чарчаб, орқага қайтиб кетишади. Уларнинг ўз юртлари бор.