Врачлардан бири менга ҳужум бир соатга кечиктирилганини айтди. У мени коньяк ичишга таклиф қилди. Мен узунчоқ столларни, ёруғда ялтиллаб турган асбобларни, тослар ва пробкалари маҳкамланган шиша идишларни кўздан кечирдим. Гордини орқамда турган эди. Бош врач телефондан бўшади.
– Ҳозир бошланади, – деди у. – Кечиктирмайдиган бўлишибди.
Мен ташқарига қарадим, қоронғи эди, австрис прожекторларининг нурлари бизнинг ортимиздаги тоғларда изғирди. Бир сония жимлик чўкди, сўнг орқамизда турган барча тўп-замбараклардан ўт очилди.
– Савойя, – деди бош врач.
– Овқат қани? – сўрадим мен. У эшитмади. Мен қайтардим.
– Ҳали обкелишгани йўқ.
Катта снаряд учиб ўтиб завод ҳовлисида портлади. Яна биттаси ёрилди, портлаш шовқинида ғишт парчалари ва майда-чуйда нарсалар пастга ёмғирдай ёғилгани эшитилди.
– Еб олишга бирон нарса топиладими?
– Бир озгина pasta asiutta17 бор, – деди бош врач.
– Ейдиган бўлса беринг.
Бош врач санитарга нимадир деб айтди, у уйнинг ичкари томонига кириб кетди-да, у ердан совиб қолган макарон овқат солинган металл идиш кўтариб чиқди. Мен уни Гординига бердим.
– Пишлоқ йўқмикан?
Бош врач санитарга тўнғиллаб бир нима деди, у яна ичкарига шўнғиб, чорак доира оқ пишлоқ олиб чиқди.
– Раҳмат, – дедим мен.
– Ҳозир ташқарига чиқмай қўя қолинглар. Ташқарида эшик олдига ниманидир қўйишди. Уни олиб келган санитарлардан бири ичкарига қаради.
– Олиб киринг бу ёққа, – деди бош врач. – Қани, нима бўлди? Нима, ўзимиз чиқиб бу ерга олиб кирайликми, а?
Санитарлар ярадорни қўлтиғи ва оёғидан кўтариб ичкарига олиб киришди.
– Енгини кесинглар, – деди бош врач.
У қўлида бир парча дока ҳамда пинцет ушлаб турган эди. Бошқа икки врач шинелларини ечишди.
– Боринглар, – деди бош врач санитарларга.
– Юринг, tenente, – деди Гордини.
– Ўт очиш тўхтамагунча чиқмасанглар бўларди, – деди бизга қарамасдан бош врач.
– Одамлар очқашган, – дедим мен.
– Хўп, ўзларинг биласизлар.
Заводнинг ҳовлисига чиқа солиб, чопа кетдик. Шундоқ қирғоқда снаряд портлади. Бошқасининг учиб келаётганлигини ёнимизда ёрилмагунча пайқамай қолдик.
Икковимиз ҳам ўзимизни ерга отдик ва тўполон-қасирға ичида осколкаларнинг чийиллашини, ғиштларни шатирлаб тушишини эшитдик. Гордини оёққа қалқиб блиндаж томон чопиб кетди. Мен сарғиш чангга беланган пишлоқни кўтариб унинг орқасидан чопдим. Блиндажда учала шофёр ҳамон чекиб ўтиришарди.
– Мана сизга, ватанпарварлар, – дедим мен.
– Машиналар қалай? – сўради Маньера.
– Жойида, – дедим мен.
– Қўрқдингизми, tеnеntе?
– Шундан бўлди, – дедим.
Мен пичоғимни чиқариб, очдим-да, тиғини артиб, пишлоқнинг уст қаватини қириб ташладим. Гавуцци менга макарон солинган тоғорани узатди.
– Сиз бошлаб беринг.
– Йўқ, – дедим мен. – Ерга қўйинг. Биргалашиб еймиз.
– Санчқимиз