Абдукаюм Йулдошев

Дарё


Скачать книгу

ёқасини, енгини йиртди-да, жон алфозда дод солди:

      – Ёрдам беринг! Зўрлашмоқчи! Ёрдам беринг!

      Дилобар қичқириш асносида Тамарага «Сен ҳам бақир» маъносида ишора қилди. Гап нимадалигини унчалик тушунмаган бўлса-да, дугонасининг топқирлигига, ҳар қандай вазиятдан силлиққина чиқиб кетишига ишонадиган Тамара одатига кўра шифтга қараган кўйи қичқирди:

      – Помогите! Насилуют!

      – Ёрдам беринг! Зўрлашмоқчи!

      Дод-войни эшитган Акбарали эшик томон юрди, лекин кўзлари юмилиб кетаётгани, дармони қуригани боис жуда қийналиб аранг бир қадам ташлай олди, холос.

      Бир неча лаҳзада ичкарида қизлар ёрдам сўраб дод солаётган хона эшиги ёнида беш-олтита одам тўпланди. Қўрқиб кетган Муқаддам пишиллаб турган бақувват, сочини тақир олдирган, майкачан эркакка – меҳмонхонанинг доимий мижозларидан бўлган Ибодуллаевга қаради:

      – Бузинг эшикни, ака!

      Худди шу илтимосни кутиб тургандай, Ибодуллаев уч-тўрт қадам ортга чекинди, сўнг чопиб келиб эшикка елкаси билан урилди-ю, қўпорилган эшик билан бирга ичкарига қулади. Унинг ортидан Муқаддам билан бошқалар ҳам хонага отилиб киришди.

      Иккала қиз ҳамон зор йиғлаб кўмак сўрашарди:

      – Ёрдам беринглар! Помогите!

      Ўрнидан турган Ибодуллаев нафрат билан бир столга, бир базўр ўзини ушлаб турган Акбаралига қаради ва бир оғиз:

      – Тушунарли, – деди.

      Кирганлар орасида Муқаддамни таниди шекилли, Акбарали унга меровсираб қараб, аранг ғўлдиради:

      – О-опа…

      – Ифлос! – бўкириб юборди Ибодуллаев. – Сендақаларни ўлдириш ҳам кам!

      У қутурган қўтосдай кўкрагига бир калла уришдаёқ Акбаралини ерга қулатди-ю, уриб-тепиб, аёвсиз калтаклашга тушиб кетди.

      Жон-пони чиқиб кетган Муқаддам хонага кирганларга ялинди:

      – Ўлдириб қўяди! Ёрдам беринглар!

      Уч-тўрт эркак Ибодуллаевни Акбаралидан ажратишга тушишди.

      Муқаддам милицияга телефон қила бошлади.

* * *

      Одамларнинг асабларига бир нима бўлгани рост. Бўлмаса, ёшгина йигит, бор-йўғи йигирма олтида-ю, юраги қисиб қолиб…

      Ҳалиям вақтида етиб боришгани. Шунақа пайтларда қўл телефонини ўйлаб топган донишмандга раҳматлар айтгиси келади одамнинг.

      Дониёр кислород ниқоби кийдирилган беморни марказий шифохонага топшириб ҳовлига чиқдию, ўпкасини тўлдириб чуқур нафас олди:

      – Улгурдик.

      – Бир ўлиб тирилди, энди узоқ яшайди бечора, – деди унинг ортидан бир даста қоғоз кўтариб чиққан Гўзалой.

      Дониёрнинг сигарета тутатаётганини кўрган ҳамширанинг афти буришди:

      – Яна бошладингизми? Ахир бизни ўқитишган, бунинг бир грамми эшакни…

      – Отни.

      – Ҳа, ўшани ўлдиради.

      – Бунинг эмас, никотиннинг бир грамми.

      – Э, нима фарқи бор, Дониёр ака! Нима, ўзингизда қасдингиз борми? Ўпка раки орттириб олиб, ажалингиздан беш кун бурун…

      Дониёр кулимсираб қўйди. Сўнг, юлдузлар чарақлаб турган осмонга қараб қўйгач, ўйчан тарзда деди:

      – Бусиз