Абдукаюм Йулдошев

Дарё


Скачать книгу

шошди маъмура ҳам.

      – Мен кал эмасман, опажон, имижим шунақа. – Тожибой маъмурага шубҳаланиб қаради: – Ё қизларингиз калларга хизмат кўрсатмайдими?

      Маъмура қиқирлаб кулиб юборди, ўзига яқин олганини билдиргиси келдими, тирсаги билан йигитни туртди:

      – Йўғ-э, нега унақа деяпсиз? Калликнинг бунга нима алоқаси бор?

      – Ундай бўлса калликни тинч қўяйлик-да, мақсадга ўтайлик, опажон.

      Маъмура оғзининг таноби қочиб илжайди…

      Ҳовлида ўтиравериб чарчаган Жўрабой ахийри хабар олгани «Қирғоқ» меҳмонхонаси яқинига бордию, қизларни милиция машинасида олиб кетишаётганини кўриб қолгач, ёв қувгандай ортига қайтди ва гумбаздай хотиннинг қучоғида ётган жўрасини тўшагидан деярли суғуриб олиб чиқди. Жўрасининг оғзидан чиққан бир оғиз «Атас!» сўзиданоқ вазият жиддийлигини англаган Тожибой ортиқча савол-сўроқсиз унга эргашди: шаҳардан кетиш керакми, кетаверади; унга барибир. Жўрабой эса зўр бериб ўзини ўзи ишонтиришга уринарди:

      – Диля тегирмонга тушса бутун чиқадиганлардан… У эплайди… Бир йўлини топади… Мана кўрасан…

* * *

      Амалдаги тартиб-қоидага кўра инспектор давлат мулкига етказилган ҳар қандай зарар ҳақида ўз бошлиғига ёзма билдирги топшириши шарт. Зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда билдирги тақдирини бош инспекторнинг ўзи ҳал қилади ёки тегишли ҳайъатга топширади.

      Икки қаватли маъмурий бинодаги иккита кенг-мўл кабинетни эгаллаган Равшан ака ичига ғалла тўлдирилган қанордай семириб кетган одам эди. Жуфт рақамни ёқтиради шекилли, икки машинали, икки ҳовлили ва ҳаттоки икки хотинли бош инспектор кейинги пайтлари бурқситиб олифталик билан сигара чекишни ўрганиб олган ва ўрни келса-келмаса бу қилиғини қабулига келганларга кўз-кўзлашни ёқтирарди.

      Мана шу одам кийимлари куйган, юзига қора куя сурилиб қолган Тоҳирнинг билдиргисини сигара тутунига кўмилган кўйи ўқиб чиқар-чиқмас тутақиб, бақир-чақирга ўтди:

      – Мен буни шундай қолдирмайман, Холиёров. Нима, давлат сизга ишониб топшириб қўйган моторли қайиқ ўйинчоқ бўлдимики, истасангиз сувга чўктирасиз, истасангиз ёқасиз!

      Бошлиқ олдинги гал рўй берган ҳодисани тилга олаётганини тушунган Тоҳир изоҳ беришга шошди:

      – Чўкиб кетган қайиқнинг пулини тўладим-ку, ўртоқ бошлиқ.

      – Тўламадингиз! Ойлигингизни бир йил мобайнида босиб қолдик. Ҳалиям раҳмат денг, бирдан ҳаммасини қуртдек санаб олмадик. Ана унда уйингизни тополмай қолардингиз.

      – Раҳмат, Равшан ака, раҳмат. Лекин бу сафарам тасодифан рўй берди. Эҳтиётсизлик оқибати. Ўлай агар атай қилмадим. Мотордан бензин оқиб кетган экан. Билмай чақилган гугуртни ташлаб юборибман.

      – Билмай эмиш… – Бош инспектор бирдан Тоҳирга шубҳаланиб қаради: – Чекмасдингиз шекилли?

      – Ҳа, энди, баъзан-баъзан. Жуда хумори тутиб қолганда.

      Негадир бу гапни эшитган Равшан аканинг мамнунликдан кўзлари чақнаб кетди:

      – Кўрдингизми яширинча чекишнинг оқибатини! Чексангиз бизга ўхшаб очиқ-ошкор чекинг-да, ука. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деган машойихлар. Ана ўшанда қайиғингизам ёниб кетмасди. Тўғрими?

      – Тушунмадим,