Абдукаюм Йулдошев

Дарё


Скачать книгу

пасда дарё торайган жойга етиб келишди-да, сувдан кўз узмай, сабр билан ўлжаларини кута бошлашди.

      – Бердиқулжон, – деб қолди Самад хушомадомуз оҳангда, – анави аблаҳни бопладингиз лекин. Бир яйрадим, бир яйрадим.

      Бердиқул бепарво қўл силтади:

      – Гапирманг. Бу бошланиши ҳали. У билан ўзимнинг алоҳида ҳисоб-китобим бор.

      Ногоҳ Қаҳҳор қичқириб юборди:

      – Ана! Ана!

      Дарҳақиқат, ой ёғдусида дарё сатҳида оҳиста оқиб келаётган қайиқ кўзга ташланди.

      Бердиқул Қаҳҳорга қаради. Бунинг маъносини тушунган Қаҳҳор дарҳол ўзини оқлашга тушди:

      – Мен сузишни билмайман. Чўкиб кетаман!

      Бердиқул нигоҳини Самадга тикди. Самад ҳам ўзини олиб қочишга уриниб кўрди:

      – Хайр қилсанг бутун қил, деганлар, Бердиқулжон. Бу ёғиниям ўзингиз тўғрилаб берасиз-да, а?

      Бердиқул унга ўқрайиб қаради:

      – Балиғингизни бозорга опчиқиб сотиб, пулиниям опкелиб беришим керакдир балки? Бўлди, тушинг!

      Ноилож қолган Самад ечина бошлади:

      – Нима бўлса Самад, Самад! Ўлмаган жоним!

      – Мендан битта яримта! – таклифини айтди Қаҳҳор.

      Самад хурсанд бўлиб кетди:

      – Бу бошқа гап!

      Самад ўзини сувга ташлади, уҳ-уҳлаганча пишқириб сузиб бориб, қайиққа чиқиб олди. Кейин қалт-қалт титраган ҳолида бир амаллаб эшкак эшиб, яқин келди. Бердиқул билан Қаҳҳор қайиқни қирғоққа тортиб олишди. Қайиқда балиқлар ҳам, тўр ҳам, Тоҳирнинг қайиғидан олинган эшкаклар ҳам бус-бутун турарди.

      Шоша-пиша кийинаётган Самад Қаҳҳорга буюрди:

      – Қопларни опке!

      Энди машинага қараб югурмоқчи бўлаётган Қаҳҳор дарёга кўз ташладию:

      – Анавини қаранглар! – дея бақириб юборди.

      Бердиқул билан Самад шу томонга қарашди. Сувда оғзи боғланган қоп оқиб келарди.

      Самад ҳайрон бўлди:

      – Чўкмапти.

      – Ичи тўла пул бўлса-я! – ширин тамшанди Қаҳҳор.

      – Пул бўлса чўккан бўларди, каллаварам! – шеригини жеркиб ташлади Самад.

      Ўз тахмини ўзига маъқул туюлиб кетган Қаҳҳор бўш келмади:

      – Салафанга солинган бўлса-чи?

      Бу сафар Самад иккиланиб қолди.

      – Нима бўлсаям қизиқ… – иягини қашлади Бердиқул ва Самадга маънодор қаради.

      Энди кийиниб бўлган Самад тўнғиллай-тўнғиллай ечина бошлади:

      – Нима бўлса Самад, Самад! Бу дунёда мендан бошқа одам йўқдай.

      – Мендан яна битта яримта! – ҳаяжонланиб хитоб қилди Қаҳҳор.

      Самад дарҳол мулойим тортиб, рози бўлди:

      – Майли, қўймадиларинг-қўймадиларинг-да.

      Самад сузиб бориб, суриб келган қопни Бердиқул билан Қаҳҳор қирғоққа тортиб олиб чиқишди.

      Қаҳҳор ҳансираб қолди:

      – Оғир экан. Ишқилиб, овора бўлганимизга яраша нарса бўлсин-да.

      Бердиқул ерда ётган қоп шаклига қараб қолди:

      – Менимча, бу одам.

      Самад кийинаётган жойида таққа тўхтади:

      – А?

      – Тўғрироғи, мурда, – мулоҳазасини давом эттирди Бердиқул. – Қаранглар, мана боши, мана гавдаси, мана оёқлари.

      Қаҳҳор