келадиган бўлишгач, сотувчиларнинг қўли қўлига тегмай қолди. Дарёда сув камайган маҳаллари эса бозорни олис Айдаркўлдан ҳамда шу атрофдаги, балиқ хўжаликларидаги сунъий ҳовузлардан келтирилган балиқлар тўлдирарди. Қўли текканнинг оғзи ҳам тегади. Бозор баҳона яна қанча одам ишли, ризқли бўлиб қолди.
Балиқни етти хазинанинг бири деб бежиз айтишмаган. Аммо азалдан маълум: хазина бор жойда унга осонлик билан эга чиқишни истаганлар кўпаяверади. Шаҳарчадаги балиқ бозорида савдо авж олган сайин қандайдир учар даллоллару, туллак воситачилар, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, бироқ хирмонда ҳозиру нозир ишбилармонлар сафи ҳам орта борди. Улар ўзаро нималарнидир пинҳона келишиб олишар, қандайдир яширинча режалар тузишар, мўлжалларини амалга ҳам оширишар, кимларнидир маҳорат билан бошқаришар, керак жойга узатишар, лозим жойдан чўтал олишар ва алал-оқибат бозор нарх-навосини ўзларига мақбул тарзда ушлаб туришга муваффақ бўлишарди. Айрим пайтлари, мутлақо кутилмаганда бозорда нарх бирдан фавқулодда икки, ҳаттоки уч-тўрт баробарга тушиб кетар, ҳайратга тушган, аслида бу навбатдаги гапга кўнмаган рақибни синдириш учун ишлатилган ҳийла эканлигидан бехабар харидорлар пештахталардаги балиғу қоқбалиқларни шипириб кетишарди. Эртаси куни эрталабдан эса яна ҳаммаси бояги-бояги, бой отамнинг таёғи қабилида давом этаверар, касодга учраган тараф ғолиб тарафга бош эгиб борар ёки бозорда қайтиб қорасини кўрсатмасди.
Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси силлиққина кетавермасди. Овулнинг не-не ўжар йигитлари, саркаш эркаклари «Қани, қўлингдан нима келади! Бир кўрайчи!» дегандай бозорга ёриб киришар, кимларгадир пўписа қилаётгандай тез-тез белларидаги ўткир пичоқларининг дастасини ушлаб-ушлаб қўйишар, чекка-чеккада, одатда намозшом маҳаллари юз берадиган «ур калтак-сур калтак»ларда мардона туриб беришар, йиқилиб, ер билан битта бўлишса ҳам таслим бўлишмас, қайсарлик билан «Мен шу ерликман! Сайхуновулданман! Сенлар ўзларинг кимсанлар?! Эртага келиб ҳаммаларингнинг қоринларингни ёриб ташлайман!» деб тураверишарди. Кўпинча бундай аччиқ ичакдай чўзиладиган ихтилофларнинг якуни шу билан тугардики, «Ҳа, бир тентак тирикчилигини ўтказиб юрса юрибди-да», дея бунақанги бош эгмасларни тинч қўйишар, фақат бундай илтифотни том маънода тортиб олган банда майда сотувчилик мақомидан юқори кўтарилмаслиги шарт эди ва буни ўша одамнинг ўзи ҳам жуда яхши билиб турарди…
Шаҳарчада ёмғирдан кейинги қўзиқорин мисоли янгидан-янги, бири иккинчисидан ҳашаматли қасрлар бодраб чиқа бошлади: балиқ бизнеси ўз ҳосилини бермоқда эди. Шу баробарида янги пайдо бўлаётган гуруҳлар билан эскилари ўртасида зиддиятлар ҳам кучайди. Қайлардадир, нималарнидир ўрганиб қайтган, юлдузни бенарвон урадиган ишбилармонлар дарёдан унинг неъматларини тортиб олишнинг янгидан-янги усулларини ишлата бошладилар: ибтидоий тўрлар ўрнига динамитлар, ҳаттоки дарёнинг маълум қисмини иситадиган ажабтовур мосламалар пайдо бўлди: балиқ илиқ жойга қараб сузади-да…
Яна бир