Абдукаюм Йулдошев

Дарё


Скачать книгу

аралашмас, тўй-маъракаларда иштирок этишмас, ўзларини бегонадай тутардилар. Равшанки, салом қандай бўлса, алик ҳам шундай: Суяр муаллим айтганидай, минг йил бир қозонда қайнатилса ҳам сайхуновулликларга қони қўшилмайдиган бу кимсалардан овул аҳли ҳам ўзларини четга тортиб юрадиган бўлишди…

* * *

      Тоҳир мана шу овулда улғайди. Ҳаётига илоҳий сеҳр, қувонч, масрурлик, ҳаяжон олиб келган, дунёни кўзларига чандон гўзал этган илк муҳаббатини ҳам шу ерда учратди. Афсус, тез орада йигитнинг бутун туриш-турмуши остин-устин бўлиб кетди: деярли нақд бўлиб турган висол қувончи ўрнини ҳижрон азоби эгаллади, кечагина минг бир рангларда товланиб турган олам бирдан зулмат оғушида қолди…

      Ногоҳ кўз кўзга тушиб қолганида дув қизаришлар, бармоқлар гўёки тасодифан бир-бирига тегиб кетганида ток ургандай сесканишлар, синфдошлару муаллимларнинг кўзларини шамғалат қилганча энтикиб дил розлари битилган мактуб алмашишлар – буларнинг ҳаммаси парталарга ўйиб ёзилган соддагина «Т+Г=С» ёзуви сингари мактаб дарсхоналарида унут бўлиб қолаверди: дўхтирликка ўқиётган Гулноза биринчи курсни битирар-битирмас бошқа институтда ўқиётган бир толиб билан топишиб… Чапак чалиб қолаверган Тоҳирни айниқса йигитнинг бошқа институтда ўқиётгани ҳайратлантиргани рост: бу қанақаси ахир қачон танишиб улгуришди, қачон бир-бирини синаб-кўриб улгуришди… Наҳот… наҳот умр савдоси шу қадар тез ҳал бўлса…

      Эрга теккан Гулноза-ю, Тоҳир овулда бош кўтариб юролмай қолди. Ҳар нечук, баъзи бир синчковроқ яқинларига бўлажак тўй хусусида ҳаяжон яширин ишорали гаплар қилишдан ўзини тийиб туролмаганди-да йигит бечора… Бу ёқда аллақачон Тоҳирни ўзларининг бўлғуси куёвлари сифатида кўраётган – овулда гап ётармиди! – унинг қуюқ саломига синчковлик аралаш алик оладиган, ҳатто сўнгги пайтларга келиб уялинқираганча ўзларидан ошкора қоча бошлаган йигитни кўз остидан масрур кузатиб қоладиган Турғунбой ака билан Маърифат хола хижолатда…

      Тез орада овулда «лапашанг, олма пиш, оғзимга туш деб юрган» йигитнинг кўнгил ярасини титкилаб, азоб берадиган учирма гаплар ўрмалаб қолди. Бу аҳволда яшаб бўлмасди…

      Тоҳир армияга кетди. Таътилга ҳам келмасдан, олис Сурхонда икки йил хизмат қилди, бироқ Амударёнинг ёввойи шиддат билан оқадиган бўтана сувлари ҳам йигитнинг қалбидаги алам маддаларини ювиб кетолмади… Хизматдан сўнг уйидагилар шунча зўрлашса ҳам ўқишга бормади: шаҳардан кўнгли қолганди унинг.

      Бақувват, хизматдан янада чиниқиб келган йигитни инспектор вазифасига ишга олишди. Унинг вазифаси дарёнинг биологик ҳолатини муҳофаза қилиш, балиқларни браконьерлардан асраш эди.

      Яхшиям иш бор… Иш балки кимлар учундир тирикчилик, бир бурда нон топиш воситасидир, бироқ Тоҳир учун меҳнат ўзини кундалик ташвишларга андармон этиш, жон-жаҳди билан, то сулайиб қолгунча ҳаракат қилиш, уйга ҳориб-чарчаб, аранг судралиб қайтиш, ўзни таппа ўринга ташлашу ўликдай қотиб ухлаш омили бўлиб қолди. Тоҳирдай