Секин кириб пойгакка ўтирдим. Ҳабибахон мени кўрди– ю, ўзини кўрмаганга олди.
Нима қилар экан, деб яна уч– тўрт кун атай ишга кечикиб бордим. Ниҳоят, директор чақиртирди. Қийшайиб кириб бордим. Местком раиси, бухгалтеримиз, яна икки киши ўтирибди.
– Келинг, ўртоқ Асқаров, – деди Ҳабибахон чимирилиб, – ўтиринг.
Қайсарлигим тутиб ўтирмадим, тикка туравердим. Местком собиқ улфатимиз эди, мени ёқлади. Бухгалтеримиз – бадбашара, бева хотин табелдан ўчириш керак, деб туриб олди, хуллас, оғзаки ҳайфсан билан қутилдим.
Ўрнимдан турувдим, директор танбеҳ берди:
– Ўртоқ Асқаров, сал… у ёқ– бу ёғингизга қараб юринг. Кўйлак дазмолланмаган, костюмнинг бир тугмаси йўқ. Ҳар қалай олий маълумотли кишисиз. Ҳайми?
“Ноҳай”, деб чиқиб кетмоқчи бўлдим– у, тилим қичиди:
– Хотиндан ёлчиганмиз, – дедим масҳараомуз кулиб, – совуқ мижозига йўлиққанман шекилли, ишдан келади – ю, таппа ташлаб ухлайди…
Билиб турибман, гапим Ҳабибахонга оғир ботди. Лекин сир бой бермади.
– Бўпти, сизга рухсат, – деди совуққина, – Рафиқангизга ўзим тайинлаб қўяман.
Кечқурун костюмни икки буклаб қараб ўтирдим. Хотин келиши билан башарасига отиб юбордим.
– Манг, ҳурматли ўртоқ рафиқам! Костюмни сифатли тугма билан таъмирлаб қўйсинлар!
Ҳабибахон индамади. Ёлғиз ўғлининг тантиқлигига кўникиб кетган онадай илжайиб қўйди– ю, ичкари кириб кетди. Салдан кейин янги костюм кўтариб чиқди.
– Мана, адаси, атай сизга олиб келдим, – деди яшнаб, – Кийинг– чи, ярашармикин?
Бирпас ёлғондан араз қилиб турдим. Хотин ялинди:
– Жо – он Роҳатилло ака, кия қолинг…
Костюм чиройли эди, кўнглим суст кетди. Беихтиёр қўл чўздим.
– Ярашди, қуллуқ бўлсин! – деди Ҳабибахон ёқамни тузатиб. Кейин гина қилди. – Ёлғончи! Қачон ишдан кела солиб ухладим? Доим сиздан кейин ётаман– ку!
– Нега бўлмаса ҳамманинг олдида шарманда қиласиз?
– Хафа бўлмайсиз, хизматчилик. Сизнинг чақмоқдай бўлиб юришингизни истайман. Ахир сиз менинг энг азиз кишимсиз, Роҳатилло ака!
Бизнинг хоним ана шунақа. Уйда “акажон” деб бўйнимга осилади– ю, идорасига борса тамом, тўни… тфу кўйлагини тескари кийиб олади.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.