унинг устига ташладим. қўлим хўрознинг ёғочдай оёғига тегди. Бетимни атиргулнинг тиконлари тилиб юборди. Аммо хўрознинг иккала оёғидан маҳкам ушлаб тортавердим. Бир амаллаб уни ташқарига чиқариб олдим. Хўроз қайрилиб қўлимни чўқиди. Мен уни ғиппа томоғидан бўғдим. Юзимдан қон оқиб, лабимга тушди. Ўз қонимни ўзим ялаб хўрлигим келди. Мирсодиқ бўлмаганда хўрознинг бўйнини қайириб, узиб ташлардим. У елиб ёнимга келди.
– Ҳўв нима қивотсиз?! – деб қўлимга ёпишди. Хўрозини тортиб олди, – бу шўрвага соладиган минг сўмлик товуқ эмас. Уни минг долларга олганман! Индамаса, ростдан ҳам ғийқ этказиб, а? Тожихоним омон бўлса, ҳали сизга ўхшаганларнинг қанчасини лақиллатади.
Мирсодиқ хўрознинг бўйнини силаб, тожисидан ўпиб қўйди. Мен дарвозахонага қараб юрдим. Ҳануз бетимдан қон оқарди. қўлювғичда юз – қўлимни ювдиму кўчага чиқдим. Минг долларга хўроз олиб, унга дори ичириб… мардикор ёллаб, қувдириб кўнгилхушлик қиладиган бойваччаларга лаънатлар ўқиб, кетиб боряпман. Кўча бошига етганда ортимга қайрилиб қарадим. Баланд дарвоза олдида ҳеч ким кўринмади.
МЕҲМОНДАН ПУЛ ОЛМАЙМИЗ
Тушликдан келсам, эшик олдида бир йигит турибди. Ўрта бўйли, қорамағиз. Ёзнинг чилласида қора костюм– шим кийиб олибди. Қўлида бурунги солиқчилар кўтариб юрадиган портфель. У секин эшикни тақиллатдию бир қадам чекинади. Яна чертади.
– Эшикни очиб берайми, кирасизми? – деб киссамдан калит чиқардим. Йигит уялиб четлашди. Қўлини кўксига қўйиб саломлашди. Кейин менга эргашиб ичкари ўтди. Илжайиб боқди.
– Мени танимадингиз, а, домла?
Индамай унга тикилдим. Юз– кўзи таниш, қаердадир кўргандайман. Лекин эслолмадим.
– Мен Бўтақўзи бўламан, – деди у, – лалакўл, Саҳоба. Сиз яйдоқ эшакни минаман деб, ағдарилиб тушгандингиз. Кейин тоққа чиқиб, каклик овладиқ, тандир қилдик. Энди эсладингизми?
Эсладим. Беш – олти йил бурун Бўтақўзининг юртига сафарга борган эдим. Идоранинг ишларини битирганимдан кейин Бўтақўзи мени икки кун ўйнатди. Кетишда уни Тошкентга таклиф қилдим. Вақт топиб энди келибди – да.
– Қалай Саҳобалар тинчми? – дедим ҳол– аҳвол сўраган бўлиб.
– Тинч, тинч, – деди Бўтақўзи, – қишлоқдаги жўраларим салом айтиб қолишди. Қайтишингда домлани ола кел, дейишди.
– Раҳмат.
– Уф! Тошкент иссиқ экан, пишиб кетдим. Чойдан ичсам майлими?
Чойнакда совуган чой бор эди, йигит томонга суриб қўйдим. Бўтақўзи босиб – босиб икки пиёла чой ичди, енги билан лабини артди.
Хотин ош дамлабди. Бўтақўзи икковлон “олинголинг” қилиб, бир лаганни бўшатдик. Бўтақўзи йўлда очиқиб қолган эканми, лаганнинг тагини ҳам яримта нон билан ялаб, тозалаб қўйди.
Кўк чойни шопириб, алла – паллагача гурунглашиб ўтирдик.
Ётдик. Эрталаб болалар ўқишга кетди. Хотин иккаламиз ишга жўнадик. Бўтақўзи уйда қолди. У кеча йўлдан чарчаб келган экан, дам олмоқчи бўлди.
Ишдан вақтлироқ қайтдим. Олдимга кичик ўғлим Дурбек югуриб келди.
– Дада, меҳмонингиз… хўрозимизни сўйиб ташлади!
– Қачон?