Иккитагина тухум солиб келайми?
Эр бош чайқади. Хотин хавотирланди. Кўнгли алланечук бўлди. Кейин, зора рўйхатни кўриб, димоғи чоғ бўлса, деган ҳаёлда бир варақ қоғоз олиб келиб, эрининг олдига қўйди.
– Мана, хўжайин ўзимизнинг одамларга жойларни бўлиб чиқдик. Бари сиз айтганингиздек бўлди.
Ҳоким қоғозга бефарқ назар солди. Ғамгин кулди.
– Боплабсиз, хоним, – деди. Бироз сукутдан сўнг давом этди, – яна битта жой керак бўлиб турибди.
Бегойим сергакланди:
– Кимга экан? Ҳамма ўринларни тақсимлаб… қўювдигу?
Ҳоким хотинининг безовта кўзларига тикилди, уни елкасидан қучди:
– Менга ҳам битта жой керак, хоним…
Бегойим силтаниб эрининг қучоғидан чиқди:
– Э, боринг– е! Ҳазилингиз қолмади– қолмади.
– Бу сафар рост айтяпман. Паттамизни беришди. Эртага янги ҳоким сайланади.
Хонимнинг кўзлари ола– кула бўлиб кетди. У эрига нафрат билан тикилди. Кейин бурчакка қараб югурди. Бора солиб катта столда таҳланиб ётган совға – саломни қучоқлади. Ипак тасма билан бойланган улкан қутига бошини қўйиб, ҳўнграб юборди.
МЕНИНГ КУЁВ БЎЛГАНИМ
Ниҳоят, биз ҳам бир бошпанага эга бўлдик. Юнусобод бозорининг шундоққина рўпарасида, кўча берида шинамгина шийпон қуриб беришди. Энди тўп – тўп бўлиб, ўтган– кетганнинг жонига тегмаймиз, йўл четига енгил машина келиб турса, ур– сур қилиб югурмаймиз. Орамиздан бригадир сайлаб қўйганмиз. Ҳаридор билан шу киши гаплашади. Ҳар кимнинг ҳунарига қараб ишга ажратади: сен томсувоққа борасан, сен уй кўчиргани, сен кўчат экиб, ер чопгани ва ҳоказо.
Гир атрофдан гул иси келиб турган баҳор кунларининг бири эди. Шийпонда гап сотиб, сигарет тутатиб ўтирибмиз. Шу пайт ёнимизга ҳашаматли қора машина келиб тўхтади. Ҳаммамиз умидвор бўлиб қарадик. Бригадиримиз, тек ўтиринглар, дегандек бармоғи билан ишора қилдию ташқарига чиқди. Салдан кейин қирққирқ беш ёшлардаги гавдали, келишган йигитни бошлаб кирди. Беихтиёр ўрнимиздан туриб кетдик.
Қайсимизга омад кулиб боқар экан, деб аскардек саф тортиб турибмиз. Ҳаридор йигит билан бригадиримиз аста – аста юриб, бизни кўздан кечира бошлади. Менинг олдимга келганда йигит тўхтади.
– Уйланганмисан? – деди негадир сирли жилмайиб.
Калла чайқадим.
– Жуда соз! Менга сендай бўйдоқ йигит керак эди, – деди у. – Қани, бу ёққа юрчи.
Етаклашиб кўчага чиқдик. Ҳаридорим каттароқ ерда ишлайди шекилли, шофёри ҳам бор экан. У бизни кўрдию зинғиллаб келиб эшик очди.
– Менинг исмим Шавкат, – деди янги танишим, – сеники…
– Манзур.
– Ў, чиройли исминг бор экан. Кунига қанча пул ишлайсан, Манзурбой?
– Ҳа, энди, хизматга қараб– да, ака. Ўн беш минг, йигирма минг.
– Дуруст, – деди у мени ёнига ўтқазиб, – мен сенга беш кунлик ҳақингни бераман. Шартимизга кўнсанг бўлди.
Юрагим шув этди. «Бекорга шунча пул бермаса керак. Нега уйланганмисан, деб сўради экан? Ишқилиб, бир балога йўлиқмасам бўлгани. Шарти қанақа экан?»
Шавкатнинг