Саъдулла Сиёев

Бепарво бўлмоқчиман


Скачать книгу

ўтказган, кимнинг оласи ичида, кимники сиртида – беш қўлдай биларди. Шунинг учун беш– олти кишига оз– оздан қарз бературиб биттагина шарт қўйди:

      – Мен судхўр эмасман. Менинг ақчам туғмайди. Фақат пулимни вақтида қайтарсанглар бўлди. Агар сўзларингдан тонсанглар уйларингга бориб ўтириб оламан. Қарзимни узсанглар кетаман, бўлмаса жонларингга тегиб ётавераман.

      – Э, майли, – деб кулди Дарвеш деган тили ҳам, қўли ҳам чаққон йигит, – уйимизнинг тўри сизники, менга деса бир йил турмайсизми!

      Унинг гапига фаришта омин деган эканми, Шомансурнинг “ит ётиш мирза туриши» айнан шу Дарвешнинг уйидан бошланди. Дарвеш элдан бурун қарз олганлардан эди. Шомансур бир борди уникига, икки борди –Дарвеш турли баҳона кўрсатиб қарзини узмади. Кейин подачи айтганини қилди. Бир ёстиқни кўрпачага ўрадию Дарвешникига қараб кетди. Энди ўрик гулини тўкиб чигитдай– чигитдай довуччалар ялтираб қолган кунлар эди. Шомансур ўрик тагига кўрпачасини ёздию ёстиғи билан тўнини бошига қўйиб индамай ётиб олди. Дарвеш ҳазилкаш йигит эди, гап отди:

      – Кўрпача юпқалик қилмаяптими, оға, яна бирон нарса тўшаб берайми?

      – Қўлингдан келса, беш– ўн минг сўм тўша, бўлмаса гапни сиркалатма,– деди Шомансур. Дарвеш кула– кула нари кетди.

      Пешин бўлди, кун оғди. Шомансур чанқади. Аммо Дарвешнинг у билан иши йўқ, кириб– чиқиб юмушини қилиб юрибди. Охири Шомансур чидамади:

      – Мусулмонмисан ўзи? Бир пиёла чой берсанг ўласанми? деди аччиқланиб, – киши гадойга ҳам бир бурда нон беради– ку, ноинсоф?

      Дарвеш қизариб кулди. Уйга кириб бир чойнак чой, суви қочган нон олиб чиқди. Дастурхон ёзди.

      – Узр, ака, мен сизни ҳазиллашибди, ҳозир кетади, деб ўйлаб…

      – Гапим гап! – чўрт кесди подачи, – қарзимни олмагунча бу ердан кетиш йўқ. Хомтама бўлма.

      Подачи айтганини қилди. Уззукун ўрик остида чўзилиб ётади, боғ айланади, бирров уйига бориб келади. Тушда чой– нонга қаноат қилади, кечқурун бир коса оби– ёвғон ичади. Гоҳо Дарвеш узр сўрайди:

      – Бугун эт сололмадик, оға, айб қилмайсиз…

      – Биз ошиҳалол еб ўрганиб кетганмиз, – дейди Шомансур, – қозонда қайнаган бўлса бўлди. Сен томоқни эмас, қарзингни ўйла.

      Уч кун ўтди, тўрт кун. Дарвеш кундуз кулгисидан айрилди. Худди яланғоч баданга жун чопон кийиб олган одамдай ўзини ноқулай сеза бошлади. Илгари уй ичидагилари билан ҳовлида, тоза ҳавода ётишарди. Энди уялади. Болаларни олиб, эр– хотин уйга кириб кетишди. Уй ичи дим, ташқарида эса подачи қоровул бор. Ҳатто хотинини эркаласа шивирлаб гапирадиган бўлди. Нима қилишга ҳайрон. Охири кўзини чирт юмди. Подачининг пошшосидан қутулишнинг ёлғиз йўли қолган эди. Дарвеш болаларининг эрмагидан воз кечмоқчи бўлди. Бир куни уйдан телевизорни қучоқлаб чиқиб Шомансурнинг олдига қўйди.

      – Мана, оға, шуни олингу туёғингизни шиқиллатинг. Уйда димиқиб ўладиган бўлдик. Қолганини картишка кавлаганда бераман.

      Подачи телевизорни кўтариб жўнади.

      Навбат Сотим говники эди. Уни бекорга ҳўкиз дейишмасди. Бетимнинг