ёнади – кетади.
– Ўтлаяпти– да, бунга ишонма, – деди Назарали ота. – Кейинги вақтларда сал… – у бармоғини чаккасига қадаб, буради, – шунақароқ бўлиб қолган.
– Шошманглар, жанжал нимадан чиқди ўзи?
– Мирмишилдан. Икки кун бўлди. Абетга нима қилай, дадаси, десам, юмшоқроқ нарса бўлсин, деди. Унда мирмишил қовура қолай, селини мўлгина қилсам, аччиқ чой билан еб олар, дедим. Мирмишилни обитобида қовуриб, ботар–ботмас қилиб сув солдим–да, биқ этиб қайнаши билан устига товоқ бостирдим. Токнинг тагини теша чопиқ қилиб қўювдим. Икки йўлгина райҳон ўтқазсам, ёзда одам бўйи бўлиб, гуркираб ётса, боз шу чолнинг шўрвасига асқотади–ку, дедим. Райҳон кўчатни экиб бўлиб, ошхонага кирдим. Қарасам, мирмишил сал тагига олибди. Газ ўлгур лопиллаб кетганми, нима бало бўлган… Хуллас, бир лаган қилиб, мурч–пиёзлаб сузиб кирдим. Бу тўрам қошиқни шундоқ солиб, лаганни бир ағдарди – ю, овқатми бу, похолми, деб олдирди, олди – урди…
Кампир рўмолининг учига кўзини артди. Ҳайдар ота ялт этиб ўртоғига қаради:
– Ҳўв, менга қара! Сени нима жин урди? Муштдек кампирга қўл кўтариб ўтирибсанми ҳали?
– Эсинг жойидами ўзи? Ҳозир хотин урадиган замонми? – тўнғиллади Назарали ота. – Бурнига бир чертиб қўйсанг, қиёматга довур қувар буларинг… Хонтахта четида пиёла турган экан, шундай… тирсагим тегиб кетиб…
Ҳайдарота“Сизнимадейсиз?”дегандай Ҳалимабонугаюзланди.Кампиршошибёқасига туфлади:
– Тавба қилдим… Оғзида илми билан ёлғонни сувдай ичади–я…
У этакларини ҳилпиратиб, ичкарига кириб кетди. Салдан кейин латтага тугилган нарса кўтариб чиқди. Жаранглатиб Ҳайдар отанинг олдига қўйди.
– Мана, кўринг, уста ака! Қулочкашлаб отди денг пиёлани, шкафнинг ойнаси кунпоякун бўлди. Уйга кириб қаранг, бир кўзига парда тутиб қўйибман. Қизим Московдан олиб келиб берган ликопчалар ҳам синди, ойим раҳматликдан қолган мана бу жонон пиёла ҳам бир сиқим бўлди. Мана, мана! – у пиёла синиқларини устанинг олдига суриб қўйди. Ҳайдар ота собиқ пиёланинг бир бўлагини олиб, томоша қилди. Нозик мўйқалам билан чизилган суратда бир–бирига дон бераётган икки қушнинг калласи тасвирланган эди. Уста уларга маҳлиё бўлиб қолди. Назарали ота, бу кампиримнинг ёнини олмасин, деб қочириқ қилди:
– Саккиз еридан чегараланган сополни пиёла деб юрибди…
Ҳалимабону муросага келишни ўйлаб ўтирувди, бироқ чолининг кейинги гапи жон–жонидан ўтиб кетди. Назарали ота гўё пиёла баҳона, марҳум қайнонасини масҳара қилгандай эди. Ҳалимабону ҳам “отнинг бошини” қўйди:
– Ўн саккиз еридан чегараланган бўлса ҳам, яхшидан қолган ёдгорлик эди. Ҳар сафар лабимга оборганимда онагинамнинг нафаслари келарди… Ўргилай, уста, қирқига чидадим, қирқ бирига чидамадим. Ортиқ мажолим қолмади. Қилдан қийиқ ахтаради. Бир ёстиқ қўйсанг, паст дейди, икки ёстиқ қўйсанг, баланд дейди. Калишининг патаги йўқолса ҳам мендан кўради. Кучук ўлгур акилласа, овозини ўчир, деб бақиради. Мен кучукка ангилла, деб ўргатиб қўйибманми, жон уста, ит бўлгандан кейин ҳуради– да.
Ҳайдар ота бўшаган пиёлани Ҳалимабонуга узатди.