экан. Булар эллик йилдан бери бир– бирига суйкалиб, бир – бирини искаб ўрганиб қолишган. Бунақа ҳурпайиб ўтираверишса, эзилиб кетади– ку? Бир иложини қилмасам бўлмайди. Нима қилсам экан?.. Э, топдим.”
Назарали отанинг кенжа қизи Дилором қишлоқдан йигирма чақиримча нарида, кончилар шаҳарчасида турарди. Ҳайдар ота мактабга тушиб, Дилоромга телефон қилди. Даданг билан ойинг неварасини соғинибди, тез олиб келиб, кўрсатиб кетмасанг бўлмайди, деди. Кейин, мен тилпон қилганимни айтма, деб тайинлади.
Бу гап пешиндаги гап эди. Кечга яқин Дилоромхон ўғлини кўтарганча, ҳовлиқиб кириб келди. Гарчи Ҳайдар ота, тинчлик, деган бўлса ҳам, у ойимларга бир нарса бўлганмикин, деб хавотирда эди.
Чол тўрт қават кўрпача солиб, “Иброҳим Адҳам”ни ўқиб ётган эди, қизининг кирганини сезмади.
– Ассалом, ада… – Дилором боласини бир четга ётқизди– ю, югуриб бориб дадасини қучоқлади. – Яхши ўтирибсизларми? Жим бўлиб кетдинглар, бир хабар олай, дедим. Ойим кўринмайди?
– Юргандир–да, ивирсиб, – деди чол энсаси қотиб.
– Қарай–чи, ҳовлида бўлсалар керак.
Дилором чиқди. Чол чўзилиб неварасига қаради. Пишиллаб ухлаб ётибди. Аста туриб қўлига олди, суйиб эркалади. Чақалоқ уйғониб кетиб, йиғлади. Йўрғалаб кампир кирди. У “Вой, неварагинам келибди– ку!” деб чоли тарафга бир қадам босди, лекин аразлагани эсига тушиб, тўхтаб қолди. Бола чириллаб йиғлай бошлади. Кампир югургилаб келиб, неварасига қўл чўзди:
– Бу ёққа беринг! Бола кўтаришни ҳам билмайсиз, – деди зарда билан.
– Сен билсанг бўлди, – деди чол кампирининг гап очганига суюниб.
Бувисининг қўлига ўтган заҳоти невара тинчиди. Ҳалимабону бола баҳона, чолга гапира кетди:
– Неварагинамнинг қўлчасини қайириб қўйибсизда, бобоси… Нодир ўғлим, ботир ўғлим… Қани, бобонгга салом бер–чи. Ашшалом, бобожон, дегин, бувимни хафа қилшангиз, шоқолингизни юламан, дегин…
Бу – кампирнинг сулҳ таклиф қилгани эди. Чол бажонидил уни қабул қилди:
– Ваалайкум ассалом, ўғлим. Бобом энди тажанглик қилмайди, де бувингга. Ёзда сизни Тошкентга обориб, тилла тиш қўйдириб беради, дегин…
Дилором кирди. У ойиси билан кўришиб бўлиб, сўради:
– Қоринларингиз ҳам очгандир, мен овқатга уннаб юборай, нима пиширай, ойи?
Ҳалимабону неварасининг юз–кўзидан ўпа туриб, деди:
– Аданг бечора кечадан бери норинни соғиндим, деб ўтирувди. Гўштни мўлроқ солиб, норин қил, болам.
Назарали ота ҳам неварасига ёпишиб жавоб қилди:
– Йўқ, аччиққина шавла қилақол, қизим. Онанг шўрлик юмшоққина есин, қийналмасин… Айтганча, Ҳайдар отангниям чақир…
Муғомбирона илжайиб, Ҳайдар ота кирди. У ҳеч нарса билмагандай, Дилором билан ҳол–аҳвол сўрашди.
– Э, қуллуқ бўлсин, кўз ойдин! Дилоромхон қизим билан невара келиб, уйларингда офтоб чиққандай бўлибди–ку! Дуруст, дуруст…
Ҳайдар ота ўтириб, дуога қўл очди:
– Қани, омин, тўрт кўз тугал бўлсин, ишқилиб, ҳеч кимнинг офтоби ўчмасин, ҳамма вақт чарақлаб турсин!..
ЁСТИҚ