солиқ бўлими катта куёвга ваъда қилинган.
– Унда автозаправкани бера қолинг.
– У ер ҳам банд. Жавлон акамлар ҳоким бўлмасдан илгари авансларини олиб қўйганлар.
Аёллар чувиллашга ўтди:
– Ким экан у?
– Пешонасида шохи бор экан– да, элдан бурун заправкага эгалик қилиб олибди.
– Уми? – деб Опа Озодага қаради, – у ҳам сенинг эрингга ўхшаган боши думалоқ, бути айри бир маҳлуқ. Гапларинг бўлса, ана, хонимчалари…
Хонимлар ялт этиб, бир чеккада оёқларини чалиштирганча, керилиб ўтирган Муножотга қарашди.
– Вой, манави қилтириқнинг эрими? – деди Озода кўзларини ола– кула қилиб. – Писмиқ! Ошни дамлаб, дамтовоққа бостириб қўйиб… тиржайиб ўтиришингга ўлайми?
Муножот индамай ғолибона кулиб қўя қолди. Озода аста Муножотнинг олдига келди, унга синчиклаб разм солган бўлди, сўнг столдан бир шиша минерал сув олиб келди– да, тақ эткизиб олдига қўйди. Муножот садаф тишларини ярқиратиб илжайди:
– Буни юраги куйганларга беринг, Озодахон! Худога шукур, бизнинг юрак жойида.
– Бу сизга эмас, хоним. Эрингизга берасиз. Ахир бензинга сув қўшмаса, Опамнинг қарзларини узолмасдан беллари узили– иб кетмасин, дейман– да, оповси!
Озода чўрт бурилди– ю, пишиллаб Опанинг олдига борди:
– Заправкаям қулоғини ушлаб кетибди. Энди бозорни берасиз!
– Ие, қандоқ қилиб сенга бозорни бераман? – деди Опа эснаб, – бозор, бу – бозор…
Озоданинг жазаваси тутди:
– Бозорми, қора мозорми, билмайман! Берасиз, дедим, берасиз! Бермасангиз, ҳозир ўзимга ўт қўяман! Ҳов, гугурт беринглар менга, гугурт!
Муножот ўтирган еридан зарҳал бир нима чўзди:
– Гугурт йўғу, мана, зажигалка бор, – деди масҳараомуз, – бўлаверадими, ўртоқжон?
Озода жаҳл билан унинг қўлидан зажигалкани юлиб олди– ю, эшикка қараб юрди:
– Ҳозир ҳовлига чиқаман– у… тирик машъалга айланаман!
Озода остонага етганда тўхтади. “Биронтаси, қайт изингга”, дермикин, дегандек ўгирилди. Дилдора Опанинг қулоғига шивирлади:
– Биласиз– ку, у жиннини. Сал, нақароқ бўлиб қолган. Бозорни бериб қутулинг. Кимсан – ҳокимнинг уйида фалончи ўзига ўт қўйибди, деса, эшитган қулоққа яхши эмас.
Опа, бир лаҳза лабини тишлаб турди– да, Озодани чақирди:
–Ҳўв, псих, бу ёққа ке.
Озода истар– истамас Опага яқинлашди.
– Бозорнинг солиғи катта бўлади, билансан, а?
Озодага жон кирди:
– Биламан. Бозор етти хазинанинг бири, – деб бидиллади, – олти бўлаги сизники, еттинчиси бизники. Невараларингизнинг суннат тўйини ўтказиб… Қизингизни узатиб… Ота– онангизни кўмиб… Тфу, ҳажга обориб– обкелиш мана, бизнинг гарданимизда!
Хуллас, Озода дўқ– пўписа билан бозорни директорлигини илиб кетди.
Опа қўлидаги қоғозга нималарнидир белгилаб қўйди– да, пинжига суқилиб ўтирган Дилдорага ўгирилди:
– Хўш, Дилдорим, сенинг эрингга қаерни берсак экан?
Дилдора лабини буриб, ширинлик етмай қолган қизалоқдай араз қилди:
– Берганингизни