ҳатто пайғамбаримизнинг хонадонларида ҳам шундай можаро бўлган.
– Қандай можаро? – Гулчеҳра ажабланиб онасига боқди.
– Ҳазрати Алининг хотини Фотима онамиз биласан пайғамбаримизнинг қизлари бўлган. Эрлари устиларига хотин олмоқчи бўлганларида, ичларига бир қалтироқ кирибди. Бу ҳақда оналарига, оналари оталарига айтибдилар. Шунда пайғамбаримиз (с.а.в.): «қизинг чиқиб дарахтни қучсин, қалтироғи қолади», деган эканлар. Фотима онамиз, ўшанда бир улкан теракни қучган эканлар-у, қалтироғлари теракка ўтган, дейишади. Шунинг учун теракнинг барглари шамол бўлмаса ҳам шитирлаб тебраниб туради.
Ривоят Гулчеҳрага бир оз бўлса-да таскин берди. Онасининг сўзларидан тасалли топиб, уйга қайтди, хиёнатни кечирди ҳам. Лекин, эрига кўзи тушди, дегунча, унинг ўзга бир аёлга хотинининг ҳиссизлигини сўзлаб турган ҳолатини кўз олдига келтирар, ўз-ўзидан хомуш тортар, истамаса ҳам эридан жиркана бошларди: «Наҳотки, унита олмасам?» Бот-бот ўзига ана шу саволни берар, ахир бунақада бирга яшашдан маъно йўқку, дея даҳшатга тушарди. Сўнгра онаси сўзлаб берган бошқа бир ривоятни эсларди.
«Одам билан чўчқа дўстлашишибди. Чўчқа дўстини уйига меҳмонга чақирибди. Дастурхон ёзиб, топгантутганини олдига қўйибди. Кейин бир оз мақтов олиш илинжида, қандай, деб сўрабди.
– Ҳаммаси яхши, гап йўқ! – дебди одам. – Фақат, уйинг бир оз сассиқ экан.
Одамнинг нонкўрлигидан чўчқа жаҳлланибди. Зиёфат муштлашув билан тугаб, чўчқанинг боши ёрилибди. Дўстлик ришталари узилиб узоқ вақт юз кўрмас бўлиб кетишибди. Йиллар ўтиб алоқалар яна тикланибди. Энди одам уни уйига чорлабди. Меҳмон қилибди. Кейин хижолат ичра сўрабди:
– Дўстим, бир вақтлар бошингни ёриб қўйгандим. Жароҳатинг битиб кетдими?
– Жароҳат-ку, битиб кетди, аммо, – дея оғир хўрсинибди чўчқа, – уйинг сассиқ деганинг ҳеч эсимдан чиқмайди».
Гулчеҳра баъзан эрининг суратини қўлига олиб, «Азизим, нима қилиб қўйдингиз ахир? Хиёнатингизни кечирдим, аммо, – ўкириб-ўкириб йиғларди у: «Фуф, сассиқ, деганингизни унутолмайман, унута олмаяпман!»
21
Шосалим Жобирбекнинг яна бир сиридан воқиф ягона киши эди. Ўтган йили марказий газеталардан бирининг мухбири заводга келганди. Жобирбек билан суҳбатлашди. Нималарнидир ён дафтарчасига ёзиб олган бўлди. Мулоқот асносида, «ҳаммаёқни бетонлаштириб юборибсиз-ку, табиат қўйнига ҳам чиқиб турасизми?», деб сўради. Жобирбек бундай илмоқли гапларни тезда фаҳмларди. Дарҳол, тоғли Яккабоғ оромгоҳларидан бирида дастурхон тузашларини буюрди. Завод цехларини айланиб чиқишгач эса, мухбир қизни бир пиёла чойга таклиф этди.
Тоққа Шосалимнинг машинасида чиқишди. Зиёфат қизигандан қизиди. Даврада Жобирбек, мухбир ва Шосалимдан ташқари яна икки киши бор эди. Улардан бири қўрада шашлик пиширарди. Иккинчиси эса қозонда гўшт қовуриб турар, дастурхондаги таомларни янгилаш ва бошқа майда-чуйда юмушлар ҳам уларнинг зиммасида эди.
Шосалим ўртада ўтириб қадаҳларни тўлатар, гоҳ директорни мақтаб, гоҳ мухбирни