кейинги пайтлари хотинидаги ўзгаришни пайқаб Гулчеҳра ўша воқеадан хабар топдимикин, деб чўчиб юрарди. Агар хабар топган бўлса, кимдан деган савол қийнарди уни: «Бу ишлар бости-бости бўлиб кетганига анча бўлди. Наҳотки жабрини бир умр тортсам!?» Жобирбек ўз-ўзини айблашдан чарчамас, «ўша норасиданинг уволига қолдим», деб қийналарди у.
Ўшанда Шосалим Тошкентдан «қиз ҳомиладан кечибди» деган хабарни олиб келганди. Жобирбек бир ҳисобда қувонганди. Ҳатто, операция чоғида жарроҳ қизни бир умрга майиб қилиб қўйганини, энди биргина орзуси Тошкентдан бир ҳовли сотиб олиб – шунда беташвишгина яшамоқчи эканини айтиб юборганда ҳам унчалик оғринмади.
Ишни батамом бости-бости қилиш учун Шосалимни яна Тошкентга жўнатди. У зиёфатда хизматда бўлган икки танишини бу сафар йўлга ҳамроҳ қилиб олди. Ахир 50 минг доллар билан якка-ёлғиз йўлга чиқиб бўларканми?
Агар шу воқеа бўлмаганида, Жобирбек Гулчеҳра билан аллақачон гаплашиб олган бўларди. Муносабатларини ойдинлаштиришни кечиктириб келаётгани ҳам шундан. Бир кўнгли воқеани бошдан-оёқ сўзлаб берсам, мени тушунармикан, деб ўйлар, бир кўнгли ич-ичида шу кўнгилсиз воқеага асло қайтмасам, ҳеч қачон эсламасам, дерди. Яна мушоҳадага бериларди: «Воқеадан уч кишигина воқифмиз – мен, Шосалим ва қиз. Хотиним уч кишининг биридан эшитиши мумкин, холос. Мен айтганим йўқ. Нима деб айтаман, ахир? Шосалим? У айтмайди – унақа пасткаш эмас у. Демак, биргина у қоляпти. Лекин, олганини олди-ку? Ками бўлса мендан сўраши керак! Йўқ, йўқ, имоним комилки, Гулчеҳранинг хафаланганлигига бошқа сабаб бор! Қандай сабаб? Билмайман, уф-ф-ф!»
Ана шундай кечинмалар оғушида янги бозор қурилишни айланиб чиққач уст-бошини қоқди-да, машинаси томон кетаётганди, рўпарасидан бир лўли хотин чиқиб қолди.
– Ман санга бир фол очай, сан эшитгин! О-о-о, руҳинг безовта, кўзларингда дард, ўйингда ҳаловат йўқ! Чарчагансан болама, чарчагансан! Бер, атаганингни – бер! Ман санга бир фол очай.
Жобирбек табиатан ромга ҳам, ромчиларга ҳам ишонмасди. Аммо, ҳозир беихтиёр ўзини ромчининг измига топширди. Санамай пул берди. Кейин унинг лўлича жаврашларига астойдил қулоқ тутиб турди.
– Бургутнинг бачаси экансан, чумчуққа ўхшаб яшайсан, тартанак уясига илашгансан…
Ўша ёндафтарчадан, бизга таниш жумлалар. Жобирбекнинг кулгиси қистади: «Илон, чаён, тартанак, чумчуқ. Нима бало, ромчиси тушмагур, зоология ўқитувчиси бўлганми, дейман!»
Бир оздан сўнг машинада кетиб бораркан, ром тафсилоти ўта маънили экан, деган хулосага келди. Ёдимдан кўтарилиб кетмасин, деб ёндафтарчасини олди-да, сўзларини қисқартириб-қисқартириб, ўзи тушинадиган тарзда қоғозга тушириб қўйди.
Жобирбек бу бошқотирмадан бирор маъно уққанми, йўқми – билмадиг-у, аммо Акмал жиноят ишини очишда, калаванинг учини айни шу ром тафсилотларидан топгандек бўлди.
23
Акмал тергов ишларининг бориши ҳақида шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи майор Нурхўжаевни хабардор қилиб турарди. Бугун ҳам ҳар галгидек хонада уни майор Нурхўжаев, яна фуқороча кийимда икки киши кутиб туришган экан.
– Акмал