чарх зулми бирла жисми бемадоримдур.
Агар ёр остони узра бир афтода кўрсанглар,
Қуюнларким, кўнгул отлиғ хароби хоксоримдур.
Фалакда раъд, барқ этманг гумон, ул ой фироқинда,
Менинг савти фиғоним бирла оҳи пуршароримдур.
Шаҳид ўлсам, бошоқлиғ ўқини бошимға қўйғайсиз,
Ўзи мил-у, ёнар пайкони бир шамъи мазоримдур.
Муҳаббат йўлида бир неча расвойи жаҳон бўлдим,
Биҳамдиллаҳки, бу дунёда топгон эътиборимдур.
Фиғоним эшитиб, аҳбоблар қошинда сўрганда,
На бўлғай десалар, Фурқат деган бир беқароримдур.
«Биз, истиғно эли, қичқирмоғон маъвоға бормасмиз…»
Биз, истиғно эли, қичқирмоғон маъвоға бормасмиз,
Агарчандики хирман айласа дунёға бормасмиз.
Агар лаб ташна қолсак филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж уран дарёға бормасмиз.
Умид этгонимиз аксар саодат бўтаи ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз, қиммати тиллоға бормасмиз.
Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз озода деб, ҳар жоға бормасмиз.
Ҳаво лойиға ботган моуманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ кам зарофат маскани аъдоға бормасмиз.
Биз эллар – фақр элимиз, парча нонға сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз.
Эмасдур онча асбоби жаҳонға фикримиз Фурқат,
Вале кетгунча жуз андишаи фардоға бормасмиз.
«Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз…»
Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз,
Кўзи шум ағёрлардин анда пинҳон иккимиз.
Ҳар замон даврон жафосидин қилибон бода нўш,
Мастликдин айласак қайғуни яксон иккимиз.
Ул замон сайри гулистон айласак қўл ушлашиб,
Рашкдин айлаб гулу булбулни яксон иккимиз.
Даҳрнинг озоридин масти хароботий бўлуб,
Тарки ҳуш айлаб, бўлуб ул ерда ҳайрон иккимиз.
Қумриларни доғи ҳижронга гирифтор айлабон,
Ерга помол айласак сарви хиромон иккимиз.
Ногаҳондин азми бозор айлаб, эй жон, шавқ ила,
Солиб олам аҳлига кўб шўру тўфон иккимиз.
Камтарин Фурқат бу янглиғ муддаоға етмади,
Кошки бир ерда бўлсак эрди, жонон иккимиз.
«На бўлди, нигоро, биза асло қарамайсиз…»
На бўлди, нигоро, биза асло қарамайсиз,
Гулдек очилиб, ғунчаи ҳумро, қарамайсиз.
Ё ўзга кишилар сиза сўз ўргатадурми?
Йўқса нега ҳеч сўз демайин, ё қарамайсиз?
Ҳар кун ўтасиз тўффини боша қўюб эгри,
Олифта бўлуб мунча таманно, қарамайсиз?
Кўрганда мени мунча шитоб айлаб ўтарсиз,
Борму магар ул ёна тамошо, қарамайсиз?
Ҳар шому саҳар тинмайин афғон чекадурмен,
Булбул қулингизга гули зебо, қарамайсиз.
Хўблар била келганда-ку мендин қиласиз ор,
Энди ўзингиз яккау танҳо, қарамайсиз.
Фурқат қулингиз мисли