кулиб юборди. Бу жуда шафқатсиз ҳазил эди, чунки Тоҳиранинг ота-онаси камбағал эканини ва зўрға кун кўришини ҳамма биларди. Шимолий Теҳрондаги замонавий уйга кўчиш эса Париждан иккинчи уйни сотиб олиш билан баробар эди.
Сумайя ҳам дугоналари каби Тоҳиранинг қилмишидан ташвишга тушган эди. У иймонли, эътиқодли қиз. Ахлоқий меъёрлар у учун катта аҳамиятга эга.
– Хўп, тан олайлик, у одмигина кийинарди, аммо бунинг бирор яширин сабаби бор, деб ўйламайман. Лекин бир нарсани эътибордан четда қолдиряпмиз: тўйдан олдин ким биландир қовушиш гуноҳ. Жуда катта гуноҳ.
Қизлар чувуллаб, унинг гапини тасдиқлади. Сумайя бағрикенглигини ўз обрўсига путур етказмасдан кўрсата биларди. Бу эса уни нафақат ўзига ўхшаганлар, балки бошқалар орасида ҳам машҳур қилган. Унинг қатъий тамойиллари, одми ташқи кўриниши ва диний иштиёқи сабабли ҳатто Ҳизбуллоҳ9 қизлари ҳам уни ўзларидан ҳисобларди. Аслида, Ҳизбуллоҳий доираларга кириш қийин масала бўлиб келган. Ҳизбуллоҳлар мавжуд тузумнинг энг ашаддий ҳимоячилари ҳисобланади, дин ва сиёсатдан тузум омон қолишини таъминлаш учун фойдаланади. Сумайя ўзидан ночорроқ қизларга ҳеч қачон паст назар билан қарамаган. Ҳатто шаҳарнинг шимолий қисмида яшовчи қизларга тақлид қиладиган ва ғарбона кийинадиган қизлар ҳам (ундайлар мактабда озчилик) Сумайя уларни ажратади, деб ўйламасди. Аммо Сумайя уларни ажратарди. У бундай қизларнинг ёнида туришдан қочарди, чунки одамларнинг улар ҳақидаги фикрлари жуда уятли эди. Уни ҳам уларнинг қаторига қўшиб қўйишларини истамасди. Сумайя либосга қараб одамнинг ахлоқига баҳо бериш мумкинлигига ишонарди. Либос қанчалик ёрқин ва тор, пардоз қанчалик қалин бўлса, жандалик мақомингиз шунчалик ортади.
Сумайя ва унинг дугоналари ҳижоб ўраш мажбурий бўлиши керак, деб ҳисобларди. Улар пардози ёки либоси ижтимоий одобга зид бўлган ва эркаклар эътиборини жалб қилган аёлларни ҳибсга олиш, маҳкамага тортиш ҳақидаги қонунни ҳам маъқуллайди. Кўчада ҳижобни шаҳвоний мақсадларда турлича ўраб юрган аёлларни кўрганда уларнинг кийиниш эркинлаштирилса, ахлоқий таназзул бошланиши ҳақидаги ишончи янада мустаҳкамланарди. Виста айтганидек: “Агар ҳижоб мажбурий бўлмаганда, бу аёллар ярим яланғоч юрар, кейин эркаклар ўзини тутиб туролмас ва бизнинг бошимиз ташвишдан чиқмас эди.”
Аммо бундай мизогиник10 фикрлари учун қизларни айблаб бўлмасди. Уларнинг онги туғилганидан буён мавжуд тузумнинг тарғиботлари билан суғорилган эди. Шаҳарнинг ҳар бурчида осилган катта реклама лавҳалари ҳижоб ўрашга ундар эди. Ҳукумат икки хил тактика қўллади: ҳижобни “нотўғри” ўрашнинг жисмоний хавфи ҳақида огоҳлантириш (бунда аёл хавфни ўзига ўзи тилаб олган бўлади) ва уят маданиятини яратиш. Яқинда бошланган реклама кампаниясида иккита ширинлик кўрсатилди. Улардан бири очиқ, иккинчиси эса ўрамда эди. Очилган ширинликнинг атрофини учта пашша ўраб олиб, унга қўнишга тайёр турарди. Тагида эса “ҲИЖОБ – ХАВФДАН ХОЛИЛИК” деб ёзилган эди. Айрим эълон доскаларда эса бундай мулойим