тахтдан ағдарилганига сиқиларди. У ҳижоб мажбурий эмас, ихтиёрий бўлиши керак, Худога эътиқод эса ҳар кимнинг шахсий иши, деб ҳисобларди. У ҳеч қачон ичмаган, аммо алкоголли ичимликка қарши ҳам эмасди. Замонавийлик ислом ғояларига терс, деб ҳам ҳисобламасди. У яна одамлар турмуш қургунча бокира бўлиши керак, аммо эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларга бошқалар аралашмаслиги керак, деб ўйларди. Аммо тез орада бундай қарашлар Хуросон майдони учун ёт эканини фаҳмлади, шунинг учун у фикрларини фақат хотини ва қизи билан бўлишадиган бўлди.
Ҳасан ҳақидаги гаплар Содиқнинг қулоғига етиб борганида у қизининг Ҳасан унинг номусига тегмагани ҳақида айтган гапига ишонди, лекин Тоҳиранинг шаъни ер қилинганидан азоб чекди.
Ҳасаннинг онаси уйга қайтгач ғазабга миниб полицияга қўнғироқ қилди ва уйига фоҳиша кириб олганини айтди. Полиция Тоҳирани маҳкамага олиб кетди ва отасини чақиртирди. Ота полициячиларга қизи пок эканини айтиб, уни қўйиб юборишларини илтимос қилди. Улар эса қишлоқи отанинг шеваси устидан кулди ва унга худди оддий деҳқонга гапиргандек менсимай муомала қилди.
– Қизингиз фоҳишанинг ишини қилди, сиз эса уни ҳимоя қиляпсизми? Номусингиз борми ўзи? Ёки қишлоғингизда шундай қилишадими? У ерда қизингизни тошбўрон қилган бўлишарди!
Полициячилар кулиб юборди. Аммо улар шимолдаги қишлоқларда ҳаёт Шоҳ давридагидан катта фарқ қилмаслигини, қандайдир маънода Теҳрондаги қонунлардан анча либералроқ эканини билмасди. Ҳасанга келсак, унинг дўстлари кулимсираб, елкасини қоқиб қўйди. Унинг энг яқин дўстигина ҳақиқатни биларди: у ва Тоҳира бир-бирини чиндан севарди, бирга санъат галереяларига боришарди, Пинк Флойдни тинглашарди. Улар журъат қилган ягона яқинлик – ўпишиш бўлган.
Тоҳира муюлишда уларнинг оиласи кетишини кутиб, у ердан бу ерга юрган Сумайяни пайқамади. Пайқаганида ҳам бу уни ажаблантирмас эди, чунки ўша воқеадан кейин ҳамма у билан алоқани узиб қўйган эди.
Хонани заъфарон ва сарёғли гуруч ҳиди тутган, газ плитада эса шавла биқиллаб қайнаётган эди. Сумайянинг онаси Фотима икки кундан бери овқат пишираётганди. Унинг юмшоқ ва дўмбоқ қўлига тушган ҳар нарса мазали таомга айланарди. Фотиманинг онаси эрингни яхши боқсанг, у ҳеч қачон тақиқланган мевани ейиш учун сени ташлаб кетмайди, деган эди. Шунинг учун Фотима ёшлигидан пазандаликни ўрганган. Унинг қўлидан овқат еганлар доим уни мақтар, уйида зиёфат беришса, тумонат одам келарди. Сумайя мева, бодринг, ёнғоқ ва хандон пистани идишларга жойлагунча Фотима қозон кавлади, қовурди, ювди. Хонадаги пластмассадан қилинган тўқ қизил гулларнинг чангини артиб чиқди. Шаҳарда дераза ёпиқ бўлса ҳам, чанг уйнинг ичига кириб, кулранг заррачалар ҳамма ёқни қопларди.
Муҳаммад-Ризо ошхонада ўтириб, компьютерда “Эронни излаб” ўйинини ўйнаётганди. Ҳожи Оға эса телевизор кўраётган эди. Саллали бир мулла бармоғини таҳдид қилаётгандек силкиб, муллалар яхши адо этадиган иш – ваъз ўқиётган эди. Эрон муллалари нафақат дин