нозик қоматига нигоҳ ташлаш мумкин эмас. Баъзан дўстлари билан тоғга чиққанда ёки оилавий пикникка борганда чодранинг ўрнига у рўмол ўраб, мантия кийиб оларди. Унинг мантияси доим кенг, тиззасидан пастда ва тўқ рангда бўларди. Унинг ичидан савдо тармоқлари – “Зара”, “Манго”, “Топшоп” ва “Бенеттон” дўконларидан олган оддий либосини киярди.
Айрим қизлар дарслар тугагач Мансураникига боришга қарор қилди, чунки унинг уйида катта меҳмонхона бор. Шаҳарнинг бу қисмида сайр қилишга арзийдиган жойлар оз. Яқин орадаги парклар гиёҳвандга тўла. Тузукроқ қаҳвахона ҳам йўқ. Анъанавий чойхоналар эса эркакларнинг тамаддихонаси ҳисобланади – чилимнинг тутуни-ю эркакларнинг қаҳқаҳаси босган.
Сумайя қизлар билан хайрлашди. У зиёфатга тайёрланиш учун онасига ёрдам бериши керак эди. Бугун оқшом уларнинг уйида Ҳожи Оғанинг охирги ҳаж сафари муносабати билан зиёфат, барча қўшнилар таклиф қилинган. Сумайя кўчасига қайрилиши билан уларни кўрди. Тоҳира Азимий ва унинг кекса ота-онаси юклари ортилган кичик фургон ёнида турган эди. Улар қишлоғига шарманда бўлиб қайтиб кетмоқда эди.
Тоҳира Азимий ҳеч қачон уларга мос бўлмаган. Унинг ота-онаси оддий одамлар: камбағал ва ишчи синф вакиллари. Улар ибодатли эди, онаси кўчада фақат чодра ўраб юрарди. Тоҳира дунёга келганида онаси элликка яқинлашиб қолганди. У ўттиз йил тирноққа зор бўлган. Тоҳиранинг отаси Содиққа эса оиласи йиллар давомида қисир хотинидан ажраб, ёшроқ, бола туғиб берадиган аёлга уйланиши кераклигини айтиб, босим ўтказиб келган. Содиқ уларга бош эгмаган. У бировга озор беришга юраги дош беролмайдиган қадар софдил инсон эди. Ҳатто ҳазрат Абул Фазл уларнинг назр дуосига кечикиб жавоб берганида ҳам, Тоҳиранинг туғилиши мўъжиза эди.
Улар қишлоқнинг чиниққан одамлари эди, аммо шаҳарга келгач Теҳрон уларнинг бор кучини сўриб олди. Тоҳиранинг ота-онаси Теҳронга ёшлигида, зилзила уларнинг қишлоғини вайрон қилган пайтлар кўчиб келган. Олти сонияда уйларининг ярми ер парчин бўлган. Бутун ҳаёт ғишт парчалари ва чанг заррачаларига бўлиниб кетгандек эди. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Уларнинг орасида Тоҳиранинг қариндошлари ҳам бор эди. Уларнинг жасади апельсин дарахтлари этагидаги қабристонга дафн этилган. Ери ҳосилдор, атрофини ўраб турган тоғлардан оқиб тушган сув мева боғларини суғорган, атрофида эса ёввойи отлар кезган қишлоқ бирпасда мусибатли ва ташландиқ жойга айланган.
Шаҳарга кўчиб ўтиш улар кутгандек оғриқли бўлмади. Теҳроннинг қўпол, хунук шаҳар ҳаёти, йўллари, бетон иморатлари ҳиссиз метрополисни эслатса ҳам, у ерда қишлоқ муҳити бор эди. Ғарбдаги шаҳарларга хос шахсий ҳаёт ва мустақиллик тушунчалари Теҳронга бегона эди. Шаҳарни кўзга кўринмас ришталар – қондошлик, қариндош-уруғчилик, меҳр-оқибат боғлаб турарди. Шу билан бирга одамлар бировнинг шахсий ҳаёти ва ишига бурун суқишни ҳам ёқтирарди.
Тоҳиранинг оиласи тез орада узоқ қариндошлари ва дўстларини топди. Аммо уларнинг алоқалари узоққа бормади. Уларнинг кўпчилиги юрак хасталиги, саратон ва