Оқилжон Ахмедович Ғофуров

Инсон бугун ва эртага…


Скачать книгу

оқилона фойдаланиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар янада кенг кўламда равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда. Чунончи, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилиши халқимиз она табиатга нақадар дўстона муносабатда бўлаётганидан ёрқин нишонадир.

      Ҳа, донишманд адиб Айтматов нақл қилганидек, ер юзасидаги пурвиқор тоғлар, кўм-кўк денгизлар, зилол кўллар-у қуюқ ўрмонлар, нафосатга бурканган боғ-бўстонлар, кўзни яшнатувчи кўркам ландшафтлар, жониворлар ва ўсимликлар – бари-барчаси Яратган томонидан инсон ҳукмига ҳавола этилди. Ер юзида ҳаётнинг гуллаб-яшнаши ёки барбод бўлиши фақат инсоннинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ.

      Табиатни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш, ҳайвонот ва наботот оламига меҳрли бўлиш ер юзидаги ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Шундай экан, сахий бағридан ноз-неъматлар пайдо қилиб, бизни тўйинтираётган, беқиёс нафосати билан кўнглимизни қувонтираётган она табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлайлик, азиз асрдошлар!

Оқилжон Ғофуров. 2018-йил, январь.

      БЕОВУЛЬФ – ЭЗГУЛИК ТИМСОЛИ

      Олам яралибдики, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, нур ва зулмат ҳеч замонда бир-бири билан муроса қила олмайди; улар мисоли олов билан сув каби бир-бирига қарама-қарши иккита кучдир. Моҳиятан, абадийликка дахлдор бу икки ижобий ва салбий куч азал ва абад оралиғида бир-бирини абадий яксон қилиб ташламоққа чоғланади, аммо бу кураш тўхтовсиз давом этаверади. Бинобарин, бири тилсим дунёда ҳар неники яратади, кашф қилаверади; бошқаси вайрон қилиб, кулини кўкка совураверади.

      Инчунин, бу азалий кураш талотўпида ким эзгулик тарафда-ю, ким ёвузлик томонда – абадий жумбоқ, мангу фалсафа…

      Талабалик давримда халқ оғзаки ижоди билимдонлари Муҳаммаджон Мадғозиев ва Ҳабибулло Жўраев каби устозлардан сабоқ олар эканман, ўзбек фольклор адабиёти чашмаларидан маънавий озуқа олиш баробарида жаҳон фолкьлор адабиётига ҳам беҳад қизиқиб қолдим. Халқимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган, эл-юрт фаровонлиги, Ватан равнақи учун кураш баралла куйланган «Алпомиш»; халқимизнинг фаровон ва озод ўлка ҳақидаги орзу-умидлари мужассамланган «Гўрўғли» туркуми достонлари мутолааси қатори қадимги ҳинд халқ эпоси «Панчатантра» ва унинг илдизларидан дунёга келган «Калила ва димна”ни такрор-такрор мутолаа қилиб, атроф-оламга, ҳаётга, одамларга ўзгача нигоҳ билан қарай бошладим; тафаккур дунёим ичра янги оламлар пайдо бўлди.

      Мен яна, илк ўрта асрлар, Уйғониш даври ва XVII аср Ғарбий Европа адабиёти фольклор ижодига айрича қизиқиш билан қарай бошладим. Айниқса, мифологик характерда яратилган, умумбашарий эзгу ғоялар тараннум этилган қадимги герман қаҳрамонлик эпоси – «Нибелунглар ҳақида қўшиқ», англо-сакс қаҳрамонлик эпоси – «Беовульф ҳақида достон», шунингдек, қадимги исландия адабиёти ёдгорликлари бўлмиш «Эдда» қўшиқлари