Раҳматулла Усманов

Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари


Скачать книгу

лойиҳаси корхонанинг бўлинмаларида ишловчилар томонидан муҳокама қилиниши, келиб тушган таклифлар ва мулоҳазалар ҳисобга олиниб ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан ишлаб чиқилиши ва меҳнат жамоасининг умумий йиғилишига (конференциясига) кўриб чиқиш учун киритилиши керак.

      Жамоа шартномаси, агар меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида ҳозир бўлганларнинг эллик фоизидан кўпроғи уни ёқлаб овоз берган бўлса, маъқулланган ҳисобланади ва тарафларнинг вакиллари уч кун ичида жамоа шартномасини имзолайди. Жамоа шартномаси имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа шартномасида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ва шартномада назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан уч йил амал қилади. Мазкур муддат тугагач, жамоа шартномаси тарафлар янги шартнома тузгунига ёки амалдаги жамоа шартномасини ўзгартиргунига, тўлдиргунига қадар амал қилади. Тарафлар жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар уни узайтириши мумкин.

      Жамоа шартномаси корхонанинг тузилмаси, номи, бошқарув органи таркиби ўзгарганда ёки корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда, шунингдек корхона қайта ташкил этилаётганда, шу қайта ташкил қилиш даврида, ўзининг амал қилишини сақлаб қолади.

      Жамоа шартномасининг амал қилиши иш берувчига ва корхонанинг барча ишловчиларига нисбатан татбиқ этилади.

      Иш берувчи жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин, ўн кундан кечиктирмай, барча ишловчиларни, шунингдек меҳнат шартномасини тузишда ишга қабул қилинаётган ишловчини жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.

      Жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат шартнома тарафларининг вакиллари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия, меҳнат жамоаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

      Шартнома тарафларининг вакиллари ҳар йили ёки жамоа шартномасида назарда тутилган муддатларда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида жамоа шартномасининг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради.

      3.2. Меҳнат шартномаси тарафларининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мажбуриятлари

      Меҳнат шартномаси – ходим ва иш берувчи ўртасидаги муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажарилиши ҳақида тарафлар келишувидир.

      Меҳнат шартномасида тарафларнинг келишуви бўйича: иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси), ходимнинг меҳнат вазифалари – мутахассислиги, малакаси, лавозими; ишнинг бошланиш куни; меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати; меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатни бошқа шартлари белгиланади.

      Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафларидир.

      Меҳнат шартномасини тузиш пайтида ходимнинг қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ҳамда кафолатлари даражаси пасайтирилиши мумкин эмас.

      Ўзбекистон