ялт этиб очилди. Иш шошилинч ва қизғинлигидан Монтэг унинг биргина сатрига кўзи тушди. Ундан ўқигани эса миясига яшиндек урилиб, қўрғошиндек қуйилди: “Вақт чошгоҳ қуёши нурларида ухлаб қолган эди”. У дарров китобни ерга улоқтирди ва шу заҳоти қўлига бошқаси келиб қўнди.
– Монтэг, бу ёққа чиқинг!
Монтэгнинг қўллари беихтиёр китобни сиқди ва кўксига босди. Тепада эса, чордоқда, шериклари ҳамма нарсанинг чангини осмонга кўтариб ағдаришар, китоб ва журналларни пастга улоқтириб, улардан тоғ уйишарди. Журналлар отиб туширилган қушлар каби пастга қулар, аёл эса уларнинг жонсиз таналари ўртасида ёш қизалоқ сингари қимир этмай турарди.
Монтэг ҳеч нарса қилмади. Ҳаммасини қўллари бажарди. Қўллари ўзининг ақли, ўзининг виждони билан бармоқларини ишга солди ва ўғрилик қилди. Кўзбойлоғичларнинг қўллари каби чаққонлик билан китобни қўйнига тиқди ва терлаган танасига маҳкам босди. Мана қаранг, ҳеч нарса йўқ! Мутлақо ҳеч нарса!
Монтэг қўлларини гоҳ узоқни кўролмайдиган одам каби узоқлаштириб, гоҳ кўзлари кўр одамдек бурнининг тагига олиб келиб ҳайрат билан қарарди.
– Монтэг!
У чўчиб ўгирилди.
– Нима қилиб қаққайиб турибсиз, аҳмоқ?!
Китоблар қуруқликка чиқиб қолган балиқлар каби сочилиб ётар, ўт ўчирувчилар уларни топтаб, у ёқдан-бу ёққа югуришар, сирпаниб йиқилишарди. Учиб тушаётган китобларнинг зарҳал ҳарфларда босилган сарлавҳалари бир ярқирар, сўнг ерга тушиб сўнарди.
– Керосин!
Насослар ишга туширилди ва ҳар бир ўт ўчирувчининг елкасидаги “451” рақами туширилган идишлардан керосин отилиб чиқа бошлади. Улар ҳар бир китобга, ҳар бир хонага обдан керосин сепиб чиқишди.
Сўнг ҳамма пастга қараб югурди. Монтэг керосин ҳидидан бўғилиб, қоқила-қоқила ҳаммадан ортда борарди.
– Бўла қолинг! – дея қичқиришди аёлга.
Аёл сочиб ташланган китоблар орасида тиз чўкканча турар, керосин сепилган муқоваларни, зарҳал ҳарфли сарлавҳаларни аста сийпалар, нафрат тўла кўзлари эса Монтэгга қадалган эди.
– Китобларимни ҳеч қачон олиб қўя олмайсиз! – деди аёл.
– Қонундан хабарингиз бор, – жавоб берди Битти. – Ақлингизни йиғиб олинг. Бу китоблардан бирининг гапи бошқасига тўғри келмайди. Йиллар давомида шу лаънати Бобил минорасида қамалиб яшаб келгансиз. Ташланг ҳаммасини. Буларда ёзилган одамлар ҳеч қачон бўлмаган. Қани, чиқинг!
Аёл бош чайқади.
– Ҳозир уйга ўт қўямиз!
Ўт ўчирувчилар чиқиш эшиги томон югуришди. Монтэг эса ҳамон аёл ёнида турарди.
– Уни бу ерда қолдирмаслик керак, – қичқирди Монтэг.
– Кўнмаяпти-ку!
– Унда мажбурлаб олиб чиқиш керак.
Битти қўлига ўт олдиргични олди.
– Биз бўлимга қайтишимиз керак. Бунақа мутаассиблар доим ўз жонларига қасд қилишга уринишади. Бунақалар кўп учрайди.
Монтэг аёлнинг тирсагидан тутди.
– Мен билан юринг.
– Йўқ, – деди аёл. – Нима бўлганда ҳам, сизга раҳмат.
– Ўнгача