учиб борарди.
– Жаноб Ридли, – деди Монтэг ниҳоят.
– Нима? – сўради Битти.
– Аёл “Жаноб Ридли” деди. Биз уйга кирганимизда ғалати гапларни гапирди. “Мард бўлинг, Жаноб Ридли” ва яна бир нималар…
– “Мард бўлинг, Жаноб Ридли. Яратганнинг марҳамати ила бугун Англияда шундай машъала ёқамизки, уни ҳеч қачон ўчира олишмайди”, – деди Битти.
Стоунмен ва Монтэг капитанга ҳайрон бўлиб қарашди.
Битти иягини ишқади.
– Бу гапни Латимер деган одам Николас Ридли исмли одамга 1555 йил 16 октябрда, уларни бидъатда айблаб, Оксфордда ёқишаётганда айтган.
Стоунмен ва Монтэг нигоҳларини яна йўлга қаратишди.
– Бундай парчаларнинг кўпини биламан, – деди Битти. – Капитанлар учун бу одатий ҳол. Баъзан ўзимга ўзим ҳайрон қоламан. КЎЗИНГИЗГА ҚАРАНГ, Стоунмен!
Стоунмен тормозни босди.
– Жин урсин, – деди Битти. – Сиз ишхонага олиб борадиган бурилишни ўтказиб юбордингиз!
– Ким у?
– Ким ҳам бўларди, – деди Монтэг қоронғида эшикка суяниб.
– Чироқни ёқ, – деди хотини бироз сукутдан сўнг.
– Йўқ, шуниси яхши.
– Унда ётиб ухла.
Монтэг хотинининг норози кайфиятда ўгирилиб ётиб олганини ва каравотнинг пружиналари ғичирлаганини эшитди.
– Ичдингми? – сўради хотини.
Ҳаммаси қўлларини деб бўлди. Ҳаммасига улар айбдор! У аввалига бир қўли, кейин иккинчи қўлининг эгнидан курткани аста ечиб, полга ташлаганини сезди. Шим эса қўлида бироз осилиб турди. Кейин уни ҳам жарликка ташлаб юборгандай қоронғиликка улоқтирди. Унинг бармоқлари заҳарланган ва тез орада у билаги, тирсаги ва бутун қўлига тарқаб, куракларига етиб боради. У курагидан бу курагига учқун каби сачрайди. Унинг қўллари оч эди. Очлик кўзларига ҳам ўтди ва энди улар бир нарсага қараб туриши керак. Нималигининг фарқи йўқ. Нимага бўлса ҳам, бирор нарсага, ҳамма нарсага қараб туриши керак.
– Нима қиляпсан? – сўради хотини.
Монтэг совуқ бармоқлари билан китобни сиқиб тутганча ўрнида чайқалиб турарди.
– Ўртада шундай тураверасанми?
Монтэг тушунарсиз овоз чиқарди.
– Нима? – сўради хотини.
Монтэг яна нимадир деб ғудранди. Қоронғида пайпаслай-пайпаслай каравотни топиб борди ва қўлидаги китобни қўполлик билан муз каби совуқ ёстиқ тагига тиқди. Ўзини каравотга ташлади ва Милдред қўрқиб қичқириб юборди. Бироқ Монтэгга хотинининг овози узоқроқдан, хонанинг нариги четидан келаётгандек, унинг ўрни муз орол, ўрталарида сувсиз денгиз бордек туюларди. Хотини унга бир нималарни гапирарди. У узоқ гапирди. Ҳали у ҳақида, ҳали бу ҳақида гапирди. Бироқ Монтэг учун унинг гапираётганлари шунчаки бир-бирига қовушмаган, бирор маъно англатмайдиган сўзлар эди, холос. Бир марта оғайнисиникига борганда унинг икки ёшли ўғилчаси ўзининг тилида бир нималарни шундай чулдираб гапирганди. Унинг айтганлари қулоққа ёқимли эшитилар, аммо бирор маъно касб этмасди. Монтэг ҳеч нарса демади. Яна тушунарсиз ғудрангандан сўнг Милдред ўрнидан туриб, унинг тепасига келди ва унинг юзига кафтини қўйди.