– Ўн дақиқадан сўнг барча теле-деворларда бошланади. Ролимни эрталаб жўнатишибди. Мен ҳам ўз таклифимни уларга юбордим. Улар пьесани битта рол ташлаб ёзишади. Бу бутунлай янги ғоя. Ташлаб кетилган рол эса уй бекаси роли, яъни мен. Сценарийда ташлаб кетилган сатрларга келганда улар барча теледеворларда менга қарашади ва мен сўзларимни айтаман. Мана масалан, актёр менга қараб “Бу тўғрида нима дейсиз, Хелен?” деб сўрайди. Мен эса мана бу ерда, ўртада ўтирган бўламан, кўряпсанми ва… ва… – шундай деб бармоғи билан керакли сатрни қидирди. – Ва “Менимча, жуда яхши”, дейман. Пьеса давом этади ва яна охирида “Сиз бунга розимисиз, Хелен?” деб сўрайди. Мен эса “Албатта розиман”, дейман. Зўрми, Гай?
Монтэг даҳлизда унга термилганча турарди.
– Чиндан ҳам зўр, – деди Милдред.
– Пьеса нима ҳақида? – сўради Монтэг.
– Айтдим-ку, унда учта иштирокчи бор – Боб, Рут ва Хелен.
– Ҳа-я.
– Бу чиндан ҳам жуда қизиқ. Агар тўртинчи теле-деворни ҳам ўрнатганимизда яна ҳам қизиқроқ бўларди. Нима деб ўйлайсан, қуруқ девор ўрнига яна битта теле-девор ўрнатиш учун қанча вақт пул йиғишимиз керак бўлади? Атиги икки минг доллар туради, холос.
– Бу бир йиллик маошимнинг учдан бири.
– Бор-йўғи икки минг доллар, – деди Милдред қайсарлик билан. – Мен билан ҳам ҳисоблашиб турсанг яхши бўларди. Тўртинчи теле-деворни ҳам ўрнатсак, бу хона фақат бизники эмас, балки бир қанча ажойиб ва қизиқарли одамларнинг ҳам хонаси бўларди. Айрим кераксиз матоҳларни сотиб олмай турсак ҳам бўлаверади.
– Шундоқ ҳам учинчи теле-деворни ўрнатганимиздан бери кўп нарсадан воз кечганмиз. Уни ўрнатганимизга эндигина икки ой бўлди, эсингдами?
– Икки ой бўлди? – ҳайрон бўлиб сўради Милдред. – Майли, азизим, яхши бор.
– Хайр, – деди Монтэг ва эшик томон юрди. Бирдан тўхтади ва ўгирилиб сўради: – Пьесанинг якуни қанақа? Яхшилик билан тугайдими?
– Ҳали охиригача ўқимадим.
У қайтиб келиб сценарийнинг сўнгги саҳифасига кўз югуртирди ва хотинига қайтиб бериб, ёмғирдан ҳўл бўлган кўчага чиқди.
Ёмғир камайишни бошлаган, йўлак ўртасида эса қиз осмонга қараб, юзини томчиларга тутиб, сайр қиларди.
– Салом, – деди у Монтэгни кўриши билан табассум қилиб.
– Энди нима қиляпсиз? – сўради Монтэг саломлашгач.
– Мен телбаман-ку ахир. Ёмғир жуда ажойиб, унда сайр қилишни ёқтираман.
– Менга эса ёқмаган бўларди.
– Синаб кўрганингизда ёққан бўлармиди?!
– Ҳеч синаб кўрмаган эканман.
– Ёмғирнинг таъми ҳам ёқимли, – деди қиз лабларини ялаб.
– Қилар ишингиз ҳамма нарсани бир марта бўлса ҳам татиб кўришми?
– Айрим нарсаларни эса икки марта, – деди қиз қўлида тутиб турган нарсага қараб.
– Нима у?
– Бу йилги сўнгги момақаймоқ бўлса керак. Кеч кузда уни учратаман деб ҳеч ўйламагандим. Буни иякка суртиш ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Мана қаранг.
Қиз шундай деб кулганча момақаймоқни иягига аста суртди.
– Нима учун? – сўради Монтэг.
– Агар изи қолган