Марк Мэнсон

Бепарволикнинг нозик санъати


Скачать книгу

Бинобарин, бахт бу ечиладиган математик тенглама эмас. Қаноатсизлик ва хавотир инсон табиатидаги ажралмас унсурлардир. Улар инсон бахтини ташкил қиладиган зарурий ҳодиса ҳисобланади. Будда бу борада илоҳий ва фалсафий нуқтаи назардан фикр юритган. Мен ҳам бу бўлимда шу ҳақида фақат биологик жиҳатдан гапираман. Бунда бизга пандалар ёрдам беради.

      Ҳафсалани пир қилувчи панда саргузаштлари

      Агар мен супер қаҳрамон ярата олганимда ҳафсалани пир қилувчи пандани ўйлаб топардим. У кўзига ялтироқ ниқоб тақиб, бесўнақай қорнига анча кичкина майка (ўртасида катта Т ҳарфи туширилган) кияди. Унинг супер қудрати одамларга аччиқ, лекин улар эшитиши керак бўлган ҳақиқатни айтишдан иборат бўлади.

      Панда худди идиш-товоқ сотувчиси сингари эшикмаэшик юриб, кишиларга ёқимсиз нарсалар ҳақида гапиради. Масалан, дейлик, эшикни қоқиб, қаршисида турган одамга қараб: “Шубҳасиз, кўп пул топиш сизга ҳузур бағишлаши мумкин, лекин пул фарзандларингизни сизни севишга мажбурлай олмайди,” ёки “агар сиз “хотинимга ишонаманми?” деб ўзингиздан сўраган бўлсангиз, демак, ишонмас экансиз,” ёки “Сиз “дўстлик” деб атаётган иш, аслида, одамларни ҳайрон қолдиришга қаратилган уринишдан ўзга нарса эмас,” дейди. Шундан кейин уй соҳибига хайрли кун тилаб, кейинги эшикни қоқишга йўл олади.

      Бу иш бир вақтнинг ўзида ҳам ажойиб, ҳам оғир, ҳам ҳазин, ҳам ишонарли ва керакли бўларди. Нима бўлганда ҳам, очиқ ҳақиқатларни тинглаш жуда ёқимсиз.

      Ҳафсалани пир қилувчи панда ҳеч ким хушламайдиган, бироқ барча учун керакли супер қаҳрамон бўларди. Унинг сўзлари биз истеъмол қилаётган маънан сохта таомлардан кейин парҳез мева сингари жонимизга хуш ёқади. Панда ўз ҳақиқатлари билан тушкун ҳолатга туширса-да, ҳаётимизни яхшиларди. У бизни бўлакларга ажратиб ташлаш орқали кучимизга куч қўшар ва зулматни кўрсатиш билан келажагимизни ёрқинроқ қиларди. Панданинг гапларига қулоқ тутиш кишида сюжет охирида ижобий қаҳрамон ўладиган фильмни томоша қилгандай таассурот қолдирган бўларди. Гарчи фильм ўз хотимаси билан сизни маҳзун қилган бўлса-да, у реал ва ҳақиқий туюлгани учун уни янада кўпроқ яхши кўрган бўлардингиз.

      Келинг, бугун мен шу панданинг ниқобини кийиб, сизга ёқимсиз ҳақиқатлар ҳақида сўзлаб берай.

      Одамлар қайғуриш биологик жиҳатдан фойдали бўлгани учун қайғуради. Табиат шу орқали бизни ўзгартиради. Моҳғиятан, инсон ҳамиша маълум даражадаги қаноатсизлик ва хавотир билан яшайди, чунки бундай хусусиятлар одамни олға боришга, яшаш учун курашга ундайди. Биз ўзимизда мавжуд барча нарсага шукр қилмаслик ва ўзимизда йўқ биргина нарса билан қаноат ҳосил қиладиган тартибда яратилганмиз. Мунтазам қаноатсизлик инсон зотини курашадиган, интиладиган, бунёд қиладиган ва забт этадиган мавжудотга айлантирди. Демак, азоб ва бахтсизлигимиз инсон юксалишидаги носозлик эмас, балки ажралмас хусусиятдир.

      Оғриқ ва унинг ҳар қандай тури киши организмини ҳаракатга келтирувчи самарали усулдир. Дейлик, оёқ бармоғингизни столга уриб олдингиз. Агар менга