барчаси ҳаётингизни бошқариш, унинг ҳаққоний хожасига айланиш учун у қадар яхши йўл эмаслиги кундай равшан. Кўплаб ўзўзига кўмак бериш ҳақидаги адабиётлар муаммога тик қарашни эмас, балки ундан чалғиш йўлларини таклиф қилади. Улар муаммони инкор қилишга оид янги усулларга ўргатиб, ҳақиқий муаммони бир четга суради ва қисқа давр мобайнида ёрдам бериши мумкин бўлган машқлар билан билакларингизни чиниқтиради. Эслаб қолинг, ўзини чиндан-да бахтли ҳис қилган киши кўзгу қаршисида ўтириб олиб, ўзига-ўзи мен бахтлиман, деб такрорламайди.
Бу каби усуллар кўпинча одатланишга олиб келади. Ҳақиқий муаммолардан чалғитадиган усулларга қанча кўп мурожаат қилсангиз, шунча боғланиб қоласиз. Шу маънода деярли ҳамма нарса инсонни қарамликка олиб келиши мумкин. Ичимиздаги ҳар бир оғриқни тинчитиш учун ўзимизга аён усуллардан фойдаланамиз. Агар меъёр жойида бўлса, бунинг зарари йўқ. Лекин реалликдан қочиб, оғриқ қолдирувчи дориларни ошқозонимизга ютаверсак, кейинчалик ҳақиқат билан юзлашиш қийин кечади.
Ҳиссиётлар ролини бўрттиришади
Ҳиссиётлар эволюция жараёнида бизга яхшироқ яшаш ва кўпайишда кўмаклашиш учун вужудга келган. Бор-йўғи шу. Улар бирор нарса бизнинг фойдамиз учун яхши ёки ёмонлигини айтувчи реакция механизмидир. Ортиқ ҳеч нима эмас.
Қизиб турган печга теккандаги оғриқ иссиқ буюмларни ушламасликни ўргатгани каби ёлғизлик изтироби ўзимизни якка ҳис этишга сабаб бўладиган ишларни қилмаслик борасида таълим беради. Ҳиссиётлар ижобий ўзгаришлар томон йўналтирадиган биологик сигналлардир.
Қулоқ солинг, мен ўрта ёшда юз берадиган инқирозингиз ёки ширакайф отангиз саккиз ёшингизда велосипедингизни ўғирлаб кетганини эслатиш ниятим йўқ. Биламан, сизга бу хотиралар қаттиқ ботади. Сабаби булар қалбингизнинг бир бурчагида ечилмаган ва ҳал этилмаган муаммо сифатида қолиб кетган. Бошқача айтганда, салбий ҳиссиётлар, аслида, ҳаракатга чақирувдир. Улар сизга нимадир қилиш лозимлигини кўрсатади. Ва аксинча, ижобий ҳиссиётлар тўғри амал учун мукофот ҳисобланади. Сиз уларни ҳис қилганда ҳаёт бағоятда оддий кўриниб, ундан баҳра олишни истайсиз. Шу йўсин бошқа нарсаларга ўхшаб ижобий ҳиссиётлар бизни тарк этиб, ўрнига янги муаммолар қад ростлайди.
Ҳиссиётлар ҳаётимизда тенгликнинг бир бўлаги, бироқ мазкур тенгликнинг бутунлай ўзи эмас. Бирор нарса шунчаки кайфиятни кўтаргани учун уни яхши деб атаб бўлмайди. Худди шундай сизга ёқмаган нарсада ҳам хайр бўлиши мумкин. Ҳиссиётлар нейробиологиямиз тортиқ қиладиган кўрсатма ва тавсияларга ўхшайди. Шу боис доим ҳиссиётларга ишониб қолмаслигимиз даркор. Аксинча, уларга кўпроқ шубҳа билан қараш лозим.
Турли шахсий, ижтимоий ва маданий сабаблар туфайли кўп одамларга ҳиссиётларни, айниқса, салбий туйғуларни маҳв этишни ўргатилади. Афсуски, салбий ҳиссиётларни инкор қилиш орқали инсон унинг ечимига хизмат қиладиган бир қатор реакция механизмларни ҳам рад этган бўлади. Натижада, муаммоларни инкор этган аксарият инсонлар бутун ҳаёти мобайнида муаммоларга