ўзингизга ўхшаган одамларни топиш, тинимсиз шуғулланиш, концерт учун жой танлаш, одамларни чақириб, қизиқтириш керак бўлади. Торлар синади, лампали кучайтиргич бузилади, 20 килоли аппаратурани у ердан бу ерга пиёда (уловсиз) кўчиришга тўғри келади. Қисқаси, тоққа чиқиш керак, чўққигача эса ҳали анча йўл бор. Тоққа чиқишни хуш кўрмаслигимни англаш учун вақт керак бўлди. Менга ўзимни чўққида тасаввур қилиш ёққан экан, холос.
Одамлар менга: “Сен дангаса, омадсизсан, ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Сен орзу сари йўл тополмай, жамиятнинг босимига чидай олмагансан!” дейиши тайин.
Лекин гап бунда эмас. Ҳақиқат анча оддийроқ. Мен шунчаки истамаган нарсамни истайман, деб ўйлаганман. Бор гап шу.
Мен курашмасдан мукофот олишни, натижага жараёнсиз эришишни кўзлаганману жанг қилмай туриб зафар қозониш ишқида ёнганман.
Бироқ ҳаёт бундай қоидалар билан ўйнамайди.
Кимлигингиз сиз курашмоқчи бўлган нарса билан ўлчанади. Фитнес залидаги курашларни ёқтирадиган инсонгина триатлонда югура олади, қорнида тўртбурчак прессчаларни ҳосил қилади. Фақат кеча-ю кундуз ишлашни яхши кўрадиган ва корпоратив пиллапояга риоя қиладиган киши унинг чўққисига чиқа олади. Рассомнинг оч-наҳор кечадиган ҳаётига чидай оладиган инсонгина буюк тасвирий асарлар яратишга қодир.
Мен ҳозир ирода кучи ва бардош ҳақида гапиряпман. Бу “юрган – дарё, ўтирган – бўйра” ҳақидаги ривоят эмас, ҳаётнинг энг содда ва асосий бўлаги ҳисобланади. Бизнинг курашларимиз муваффақиятимизни аниқлаб беради. Биздаги муаммолар бахтимизни яратади ва бироз енгилроқ ҳамда ёқимли характердаги муаммоларни кафолатлайди.
Тушуняпсизми? Бу ҳеч қачон ниҳоя топмайдиган спирал бўйича юқорига интилишдир. Қайсидир паллада курашишга ҳожат қолмади, деб ўйласангиз, демак, ниманидир назардан четда қолдирибсиз. Чунки бахт курашишдир.
3
СИЗ ЎЗГАЧА ЭМАССИЗ
Менинг бир эски танишим бўларди, келинг, уни Жимми деб атаймиз.
Жимми доим иш билан банд эди. Худонинг берган куни у банд. Нима билан машғуллигини сўрасангиз борми, ё қандайдир фирма билан иш борасида маслаҳатлашаётгани ёки истиқболли тиббий ускуна учун инвестор қидираётгани, баъзан хайрия маросимида нутқ сўзлашни режалаётгани ёки миллиардлаб фойда келтириши кутилаётган янги турдаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаси устида ишлаётгани ҳақида оғиз кўпиртириб сўзларди. Жимми серҳаракат, серкор эди. Суҳбат давомида у миянгизни ўз ишларининг аҳамияти, ғояларининг оламшумуллиги ҳақидаги ахборотга тўлдириб ташлар эди. У тилга олган машҳур исмларни эшитиб ўзингизни маҳаллий журналист билан суҳбатлашаяпман, деб ўйлардингиз.
Жимми ҳамиша яхши кайфият тарқатарди. У гўё янги режалар устида ишлар, тегирмондан бутун чиқишга ҳаракат қиларди.
Бироқ буларнинг ҳаммаси сафсата, Жимми, аслида, фирибгар ва авантюрист, келажак технологиялари ҳақида турли эртаклар айтиб, яқинларининг пулларини кўкка совурадиган профессионал паразит эди.