изланишларингиз ҳамда фикрларингиз мухлиси экан. Эдмонд шуғулланадиган ўйин назарияси ҳамда ҳисоблаш асосида башорат қилиш қайсидир маънода турли тизимлар қандай шаклланишини таҳлил қилиш ва уларнинг келажакда қандай босқичлардан ўтишини башорат қилишга ўхшайди.
– Эдмонд ўз ишининг устаси эканига шубҳа йўқ. Уни бекорга бугунги кун Нострадамуси деб аташмайди.
– Тўғри. Лекин бу қиёс Эдмонд учун бироз ҳақоратлидек, наздимда.
– Нимага энди? – эътироз билдирди Лэнгдон. – Ахир, Нострадамус тарихдаги энг машҳур башоратчи бўлган.
– Баҳслашяпти деб ўйламанг, профессор, аммо тан олайлик, Нострадамусга тегишли минглаб тугал маъносиз мисралар тўрт юз йилдан бери йўқ нарсадан маъно қидирадиган иримчиларга қўл келмоқда. Одамларнинг ҳар балони – Иккинчи жаҳон урушидан тортиб, малика Диананинг сирли ўлимигача, ҳатто ўн биринчи сентябрь воқеасини ҳам Нострадамус битикларига боғлаши тутуруқсизликдан бошқа нарса эмас. Эдмонд Киршга келсак, унинг “булут” технологияси, ҳайдовчисиз машиналар, беш атомли чиплар ҳақидаги бир нечта батафсил башоратлари жуда қисқа вақтда воқеликка айланди. Йўқ, профессор, жаноб Киршни ҳеч қанақасига Нострадамусга қиёслаб бўлмайди.
“Оббо, ранжитиб қўйдим, шекилли”, ўйлади Лэнгдон. Эдмонд Кирш қўлида ишлайдиган ходимлар орасида ҳурмати баландлиги ҳақида гап-сўзлар юрарди. Уинстон ҳам Киршнинг садоқатли мухлисларидан бири экани кўриниб турибди.
– Экскурсиямиз сизга манзурми, профессор? – мавзуни ўзгартириб сўради Уинстон.
– Жуда. Музейлардаги анъанавий йўлбошловчилик тизимини мукаммаллаштиргани учун Эдмондга ҳар қанча олқиш оз.
– Масофавий аудиойўлбошловчиликни йўлга қўйиш Эдмонднинг кўп йиллик орзуси эди. Уни рўёбга чиқариш учун кўп вақт ва маблағ сарф қилди. Шу сабабли лойиҳанинг барча жиҳатлари қатъий сир сақланади.
– Йўғ-э? Фойдаланилган технология унча мураккаб туюлмади менга. Тан оламан, дастлаб аудиогид ташриф буюрувчида табиий таассурот қолдиришига кўп ишонмагандим. Аммо шубҳаларим булутини шамолдек тарқатиб юбордингиз, сиз билан суҳбатлашиб одам зерикмайди, Уинстон.
– Мақтовдан бошим кўкка етди. Ҳақиқатни билгач ҳам фикрингизни ўзгартирмайсиз, деб умид қиламан. Профессор, сиз билан энг бошидан самимий бўлмаганимни тан олишим зарур.
– Тушунмадим? Нимани назарда тутяпсиз, Уинстон?
– Аввало, менинг ҳақиқий исмим Уинстон эмас. Мени “АRT” деб аташади.
– Аrt санъат дегани-ку! Санъат исмли санъат музейи аудиойўлбошловчиси экансиз-да! – кулди Лэнгдон. – Асл исмингизни яширганингиз сабаби тушунарли. Танишганимдан хурсандман, Санъат.
– Бундан ташқари, нега мен ҳамма йўлбошловчилар қатори сиз билан ёнма-ён юрмаслигимни сўраганингизда, жаноб Кирш музейдаги оломон сонини қисқартиришни кўзлаганини айтгандим. Аммо бу тўлиқ жавоб эмасди. Юзма-юз эмас, қулоқчин орқали суҳбатлашаётганимизга яна бир сабаб бор, – овоз бир зум тин олди. – Гап шундаки, мен юролмайман.
– Вой… Жуда афсусдаман… – Лэнгдон аравачага михланган