Лэнгдон.
Кирш кўп йиллардан буён сунъий интеллект яратиш устида ишлаётганини Лэнгдон сезиб юрганди, чунки шогирди вақти-вақти билан журнал муқоваларида пайдо бўлиб, бўлажак кашфиётига турли ишоралар бериб турарди. Кирш янги “фарзанди” – Уинстонни дунёга келтириб, қилган меҳнатлари беиз кетмаганини исботлади. Унинг ақл-салоҳиятига тан бермай илож йўқ.
– Вақтимиз озлигини биламан, – Санъат сўзлашдан тўхтамади, – аммо жаноб Кирш сизга спирални кўрсатишимни қаттиқ тайинлаган. Мана, етиб келдик. Эдмонд яна сиздан спирал ичига кириб, марказий қисмигача боришингизни сўради.
Спиралдаги ичкарига олиб борувчи тор ўтиш йўлакчасига қараб, Лэнгдоннинг эти увишди. Бу яна қанақа ёш болача ҳазил бўлди?
– Балки ичкарида нима борлигини айтиб қўяқоларсиз? Тор жойларга унчалик ҳушим йўқ мени.
– Ия, бу ҳақда билмас эканман.
– Клаустрафобиям борлиги ҳақида ҳамма жойда гапириб юришни лозим топмайман, – деди Лэнгдон ҳануз компьютер билан гаплашаётганига тўла ишонолмай.
– Қўрқишга ҳожат йўқ. Спирал маркази анчагина кенг. Айтяпман-ку, жаноб Кирш айнан марказни кўришингизни тайинлади. Шунингдек, у киришингиздан олдин бошингиздаги қулоқчинни ечиб, полга қўйишингизни ҳам эслатиб ўтди.
Лэнгдон қорамтир спиралга иккиланганча қараб сўради:
– Сиз мен билан кирмайсизми?
– Шунақага ўхшайди.
– Буларнинг бари жуда ғалати… Ишончим комил эмас…
– Профессор, жаноб Киршнинг таклифномасини олгач, кечада қатнашиш учун минглаб чақирим йўл босиб келдингиз. Бунинг олдида спиралнинг ичига бир неча метр юриб кириш арзимаган иш-ку! Болалар ҳар куни юз марталаб туннель ичидан у ёқдан-бу ёққа чопиб ўтади ва уларга ҳеч қандай зарар етмайди.
Лэнгдонни умрида биринчи марта компьютер изза қилганди. Уинстоннинг сўнгги жумлалари қоқ мўлжалга урилди. Лэнгдон қулоқчинни бошидан олиб, эҳтиёткорлик билан полга қўйди. Сўнг қаршисидаги спиралнинг кириш жойига яқинлашди. Спиралнинг баланд деворлари орасидаги торгина ўтиш йўли ичкариси қоронғиликка туташиб кетганди.
– Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, – деди Лэнгдон ўз-ўзига таскин беришга уринаркан.
У чуқур нафас олиб, туннель ичкарисига қадам ташлади.
Илонизи йўлакдан иборат энсиз туннель Лэнгдон тасаввур қилганидан кўра узунроқ бўлиб, ичкарилагани сари йўлдаги айланма бурилишлар сони кўпайиб борди. Тез орада Лэнгдон неча марта йўлдан бурилганини чамалаб, ҳисобдан адашиб кетди: соат мили бўйлаб ҳар бир айланишдан кейин йўлак борган сари торайиб, туннель деворлари Лэнгдоннинг кенг елкаларига тегай-тегай деб қолди. “Нафас ол, Роберт, чуқурроқ нафас ол.” Қиялаган металл деворлар ҳар сонияда қулаб, уни босиб қоладигандек эди гўё.
“Нималар қиляпман ўзи?”
Профессор ортига бурилиб, қайтишга чоғланган ҳам эдики, тор йўлак тўсатдан ниҳоясига етиб, уни катта очиқ майдонга олиб чиқди. Уинстон айтганидек, спирал ичкариси кутилгандан кўра кенгроқ экан. Лэнгдон ўйлаб ўтирмай, туннелдан