одат амри маҳол, дегандек, – сўзлашда давом этди Кирш, – раҳнамолар билан суҳбатимни ҳақиқатни дангал айтишдан бошладим. Яъни динларни оммавий иллюзиянинг бир тури деб ҳисоблашимни, миллиардлаб ақлли кишилар тўғри йўлни топиш ва хотиржамликка эришиш учун эътиқодларга суянишини олим сифатида умуман тушунмаслигимни айтдим. Шунда раҳнамолар ҳурматимиз деярли йўқ бўлса, нега ёнимизга гаплашгани келдингиз, деб сўрашди. Мен оддийгина қилиб, уларнинг кашфиётим тўғрисидаги фикрларини билмоқчилигимни баён қилдим. Шу орқали оммага овоза қилганимдан сўнг дунё диндорлари уни қандай қабул қилишини аниқламоқчи эканимни таъкидладим.
– Ҳақиқий “дипломатча” ёндашув, – деди Лэнгдон кулгидан кўзлари қисилиб. – Ҳақиқатни айтиш доим ҳам тўғри сиёсат эмаслигини биласан‐ку?
Кирш эътиборсиз қўл силтади:
– Диний қарашларимни ҳеч қачон яширмаганман. Раҳнамолар самимийлигимни қадрлашади, деб умид қилгандим. Чучварани хом санабман. Хуллас, кейин мен уларга ишимни намойиш қилдим, нимани кашф қилганимни ва кашфиётим қандай қилиб ҳамма нарсани ўзгартириб юборишини ипидан‐игнасигача тушунтирдим. Ҳатто телефонимни олиб, баъзи видеоларни кўрсатдим. Тан оламан, видеолар бироз этни сескантирадиган эди. Раҳнамолар тилини ютиб юборгандек, бир сўз айта олишмади.
– Наҳотки, бир оғиз ҳам гапиришмаган бўлса? – Киршнинг кашфиётига Лэнгдоннинг қизиқиши ортиб бораётганди.
– Рости, қизғин баҳс кутгандим, аммо анави насроний роҳиб қолган иккитасининг оғзини ёпиб, дамини чиқармай қўйди. У кашфиётни эълон қилишни қайта ўйлаб кўришга ундади. Мен бу ишни келаси ойга мўлжаллаганимни айтдим.
– Ия, келаси ой? Ахир, сен бугун эълон қилмоқчисан‐ку?
– Шунақа қилишимга тўғри келди. Раҳнамолар ваҳима қилиб, ишимга халал бермаслиги учун уларга янгилик баёноти бир неча ҳафтадан сўнг бўлади, деб қўя қолдим.
– Бугунги тақдимотдан улар хабар топса‐чи? – сўради Лэнгдон.
– Бундан ажабланишмаса керак. Айниқса, улардан бири, – Кирш кўзларини Лэнгдонга қадади. – Учрашувимизни ташкиллаган епископ Антонио Вальдеспино эди, уни танийсизми?
Лэнгдон ўйланиб деди:
– Мадридликми у?
Кирш бош силкиб, тасдиқлади:
– Худди ўзлари.
“Эдмонднинг радикал атеизми учун боп номзод эмас бу шахс”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Вальдеспино Испан католик черковининг энг қудратли намояндаси бўлиб, у ўта мутаассиб қарашлари ҳамда испан қиролига кучли таъсири туфайли донг таратганди.
– Бу йил Вальдеспино Парламент йиғилишига мезбонлик қилди, – изоҳ берди Кирш. – Шу боис учрашув тўғрисида унга мурожаат қилдим. Вальдеспино юзма‐юз кўришишни таклиф этди, мен эса ўз навбатида ислом ва яҳудийликдан биттадан вакил чақиришини сўрадим.
Юқоридаги чироқлар учинчи марта ўчиб‐ёна бошлади.
Кирш чуқур хўрсинди, овозини янада пастлатиб давом этди:
– Роберт, намойишим олдидан сиз билан гаплашмоқчи бўлганимга сабаб, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман ҳозир. Нима деб ўйлайсиз, епископ Вальдеспино