кунда Биби Марям Алмудена Мадриднинг муқаддас авлиёси ҳисобланади. Алмудена соборининг ўзи эса ҳар куни муқаддас илоҳага сиғиниш ёки шунчаки томоша қилиш илинжидаги минглаб зиёратчилар ва сайёҳлар билан тўлиб кетади. Соборнинг қироллик саройи биқинида жойлашгани ташриф буюрувчиларга саройга кириб чиқаётган қирол оила аъзоларини томоша қилишдек қўшимча имконият беради.
Айни оқшом черков йўлакларининг бирида ўсмир ёшдаги черков ёрдамчиси ваҳима ичида югургилаб борарди.
“Епископ Вальдеспино қаерда қолди экан?!
Ибодат бошланиш арафасида, ахир!”
Бир неча ўн йилдан буён Антонио Вальдеспино собор бош руҳонийси вазифасини ўтаб келмоқда. Қиролнинг узоқ йиллик қадрдон дўсти ва диний маслаҳатчиси бўлган Вальдеспино анъаналарга содиқлиги, консерватив қарашлари ҳамда модернизмдан нафратланиши билан донг таратганди. Саксон учга кирганига қарамай, руҳоний ҳалигача Муқаддас ҳафта давомида оёғига риёзат кишанларини таққанча, шаҳар кўчалари бўйлаб муқаддас ҳайкалчаларни кўтариб юрувчиларга қўшиларди.
“Вальдеспинодек одам ҳеч қачон ибодатга кечикмасди, тинчликмикан?!”
Атиги йигирма дақиқа аввал ёрдамчи бола кийиниш хонасида Вальдеспинога ридо кийишга кўмаклашганди. Эндигина тайёр бўлган маҳали руҳоний аллақандай хабар қабул қилди ва бир сўз айтмай шошганча ташқарига отилди.
“Қаерга кетди экан?”
Қўриқхона, кийиниш хонаси, ҳатто епископнинг шахсий ҳожатхонасигача текшириб чиққан ёрдамчи Вальдеспинони тополмагач, черковнинг бошқарув қисмидаги бош офисга қараб чопаётганди.
Узоқдан органларнинг жўр овози эшитилди.
“Намойиш мадҳияси янграмоқда!”
Болакай ҳаллослаганча Вальдеспино офиси олдида тўхтаб, эшикдан тушиб турган чироқ нурини кўриб таажжубланди.
"Епископ шу ердамикан?"
У оҳиста эшикни тақиллатди:
– ¿Excelencia Reverendísima?
Жимжитлик.
Эшикни қаттиқроқ тақиллатиб сўради:
– ¡¿Su Excelencia?!
Ҳеч қандай жавоб йўқ.
Қартайиб қолган епископнинг соғлиғидан хавотирга тушган ёрдамчи бола тутқични бураб, эшикни очди.
– ¡Cielos! – оҳ тортди ёрдамчи ичкарига қараб.
Епископ Вальдеспино қизил ёғочдан ишланган катта столи ёнида ноутбукига диққат билан термилиб ўтирарди. Унинг кийимлари қилт этмаганди – бошидаги митра, елкасидаги ридо жой‐жойида эди. Шоҳона ҳассаси деворга суяб қўйилганди.
Ёрдамчи томоқ қириб гап бошлади:
– La santa misa está…
– Preparada, – унинг гапини бўлди епископ экрандан кўзини узмай. – Padre Derida me sustituye11.
Ёрдамчининг кўзларида таажжуб учқунлари чақнади. “Дерида ота унинг ўрнига чиқади?” Дерида отадек оддий руҳоний шанба оқшомидаги ибодатни олиб бориши деярли ноодатий эди.
– ¡Vete ya!12 – деди Вальдеспино жаҳл билан. – Y cierra la puerta. (Эшикни ёп).
Қўрқиб кетган болакай зудлик билан хонадан чиқиб, эшикни ёпди. Мусиқа садолари янграётган