мумкин, агар қизиқсангиз. Албатта, ҳозир эмас, кейинроқ. Айни вақтда шошилишингиз керак. Намойиш бошланишига оз қолди.
Лэнгдон галереядан шошганча чиқиб, ўзини асосий залга олиб борувчи йўлакда кўрди. Кенг майдоннинг қарама‐қарши тарафида хизматчилар шошганча сўнгги гуруҳ меҳмонларни лифтдан чиқариб, Лэнгдон турган томошалар зали томонга қараб олиб келишаётганди.
– Бугунги дастур саноқли дақиқалардан сўнг бошланади, – деди Уинстон. – Залга кириш эшигини кўряпсизми?
– Ҳа. У рўпарамда турибди.
– Жуда соз. Сўнгги кўрсатма: залга кирганингизда, қулоқчинларни ташлаш учун мўлжалланган қутиларни кўрасиз. Эдмонд сиздан қулоқчинингизни ташламасдан, ёнингизда сақлашингизни сўради. Мана шу билан тақдимот тугагач, сизни орқа эшикдан, тиқилинчга қолмай музейдан олиб чиқишга кўмаклашаман, сиз эса бемалол такси ушлайсиз.
Лэнгдоннинг кўз олдига Эдмонд визиткасига ёзиб, такси ҳайдовчисига кўрсатишини тайинлаган ҳарфлар ва рақамлар келди.
– Уинстон, Эдмонд менга BIO ES346 деб ёзиб берди ва бу жудаям осон код эканлигини айтди.
– У ҳақ, – дарҳол жавоб қайтарди Уинстон. – Энди эса, профессор, дастур бошланиш арафасида турибди. Жаноб Киршнинг тақдимоти ёқади, деб умид қиламан. Сизга кейинроқ ҳамроҳлик қиламан.
Қисқа тиқирлаш эшитилиб, Уинстон билан алоқа узилди.
Лэнгдон кириш эшикларига яқинлашаркан, қулоқчинни ечиб, костюмининг чўнтагига солиб қўйди. Сўнг шошганча меҳмонларнинг сўнгги оқимига қўшилиб, намойишлар залига кирди. Унинг ортидан эшиклар ёпилгани эшитилди.
Ичкарида Лэнгдон яна бир бор ўзини кутилмаган жойда кўрди.
“Тақдимотни тик туриб томоша қиламизми?”
Лэнгдон тақдимот деганда одамлар кенг жойдаги қулай ўриндиқларга ўрнашиб, Эдмонднинг янгилигини бемалол эшитишини тасаввур қилганди. Ҳозир у кирган жой тик оёқда турган уч юз чоғли меҳмон билан тўлганди. Намойишлар залида на бир санъат асари ва на бир ўриндиқ топиларди – фақат девор яқинида минбар ва унинг ёнида катта LCD экран бор эди. Экранда қуйидаги сўзлар порлаб турарди:
Жонли эфир 2 дақиқаю 07 сониядан сўнг бошланади.
Лэнгдоннинг юраги ҳаприқиб кетди ва экрандаги матннинг давомини ўқишга тутинди. Сўнг кўзларига ишонмай, яна бир карра қайта ўқиди:
Бизни кузатаётган томошабинлар сони:
1,953,694 та
“Икки миллион одам?”
Кирш тақдимотини онлайн тарзда намойиш этмоқчилигини айтганди, аммо юқоридаги рақамлар ақл бовар қилмас даражада эди. Ҳар сонияда томошабинлар сони ошиб бораётганди.
Лэнгдоннинг чеҳрасига табассум ёйилди. Шогирдининг ишлари чакки эмас. Ҳозир унинг миясида ягона савол айланарди: “Эдмонд нимани эълон қилмоқчи ўзи?”
Ўн учинчи боб
Дубай шарқидаги ойдин саҳрода “Қум илони” деб аталувчи саҳро машинаси моторини тариллатганча чапга қайрилиб, қаттиқ тормоз берди. Кўтарилган қум зарралари унинг чироқлари ёруғида рақс тушарди гўё.
Машина рулида ўтирган ўсмир йигит кўзойнакларини ечиб, сал бўлса уриб