тамбалаб олинг, ҳеч ким билан гаплашманг. Раввин, ўзингизни эҳтиёт қилинг.
– Мени қўрқитяпсиз, Антонио.
– Бошқа иложим йўқ, – жавоб қайтарди Вальдеспино. – Дунё бу янгиликни қандай кутиб олишини кузатиб ўтиришимиз қолди, холос. Буёғи Худонинг иродасида.
Ўн еттинчи боб
Осмон тоқидан Эдмонд Киршнинг овози янграркан, Гуггенҳайм музейидаги майсазорга жимлик чўкди. Юзлаб меҳмонлар чойшабга чўзилганча юлдузлар нур сочган самога тикиларди. Даланинг қоқ ўртасига ётиб олган Роберт Лэнгдоннинг юраги қизиқишдан потирлаб урарди.
– Келинг, бу кеча яна болаликка қайтайлик, – давом этди Киршнинг овози. – Фалакдаги юлдузларга қараб, онгимизни каттароқ имкониятларга очайлик.
Атрофдан томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари эшитилди.
– Бу оқшом биз саёҳатчилар каби, – эълон қилди Кирш, – барчасини ортимизда қолдириб, кенг океанларни сузиб ўтамиз… олдин тирик жон назари тушмаган янги маконларни кашф этамиз… тиз чўкиб, олам файласуфларимиз тасаввур қилганидан кўра буюкроқ эканига иймон келтирамиз. Янги кашфиёт қаршисида дунё ҳақидаги ҳеч қачон шак келтирмаган эътиқодларимиз парчаланади. Бу оқшом онгимиз эшиклари ланг очилади.
"Бошланиши чаккимас, – деб ўйлади Лэнгдон. – Қизиқ, Киршнинг нутқи аввалдан ёзиб олинганми ёки ўзи ҳозир саҳна ортида туриб ўқиётганмикан?"
– Дўстларим, – осмонда Эдмонднинг овози акс‐садо берди, – биз бу ерга муҳим кашфиёт тўғрисидаги янгиликни эшитиш учун йиғилдик. Сизга сабр‐бардош тилайман. Бугун инсоният онгида туб ўзгариш содир бўлади. Бунинг учун ҳозир гувоҳ бўладиганларингизни англашингиз жуда муҳим.
Эдмонд гапини тугатиши биланоқ, момақалдироқнинг гумбур‐гумбури эшитилди. Карнайлардан таралаётган шиддатли мусиқадан Лэнгдоннинг ичи зириллаб кетди.
– Воқеаларнинг кейинги ривожини тушуниш учун бизга, – давом этди Эдмонд, – таниқли олим – рамзлар, кодлар, тарих, дин ва санъат дунёсининг тирик афсонаси бўлган бир инсон ёрдам беради. У, шунингдек, менинг қадрдон дўстим ҳамда суюкли устозим ҳамдир. Хонимлар ва жаноблар, марҳамат, кутиб олинг: Ҳарвард университети профессори Роберт Лэнгдон!
Томошабинлар гурдурос қарсак чаларкан, кутилмаган исмни эшитиб таажжубланган Роберт бошини ёстиқдан кўтарди. Осмондаги юлдузлар кўздан йўқолиб, улар ўрнида талабалар билан лиқ тўла катта аудитория тасвири намоён бўлди. Экранда чанқоқ нигоҳларни ўзига қаратган “Harris Tweed” курткасидаги профессор Роберт Лэнгдон у ёқдан-бу ёққа юриб, маъруза ўқирди.
“Эдмонд айтган роль шу экан-да”, ўйлади Лэнгдон жойига қулайроқ ёнбошлаб оларкан.
– Қадимги одамлар учун, – маъруза бошлади экрандаги Лэнгдон, – дунё улар тушунмайдиган сир‐синоатлардан иборат эди. Аждодларимиз ақли ожизлик қилган ҳар қандай ҳодиса – момақалдироқ, зилзила, вулқон отилиши, тўлқинлар, бепуштлик, турли фалокатлар, ҳатто севгини тушунтириш учун худолар, илоҳ ва илоҳаларни яратди.
“Бу ғирт сюрреализм”, деган фикрга келди Лэнгдон ўзини ўзи томоша қиларкан.
– Масалан,