Кўпчилиги отам-онамни кўрган, оғир йилларда пешанамни силаб, бир бурда зоғора нон, бир коса айронларини аямаган.
Анча кейин, агар янглишмасам, Иссиқкўл форумини ўн йиллиги нишонланаётган кунлари қирғиз дўстларимиз бизга юзини ажин қоплаган, миттигина, аммо юриш-туришлари, гап-сўзлари тийрак бир кампирни кўрсатиб: бу аёл «Момо ер» қиссасининг қаҳрамони, деб таништиришди. Шунда Чингизни қуршаб олиб, пешанаси, у юзи, бу юзидан ўпган кампирларни эсладим.
Ҳа, ҳаёт бамисоли бир дарё, у оқиб ўтаверади, биров ундан баҳраманд бўлиб, боғ-роғ яратар экан, биров, сабаби лоқайдлик ва дангасалик, қуруқ қолавераркан, деганларича бор экан. Мана, Чингизнинг Шакарда ўтган унутилмас тўйига ҳам йигирма йил бўлибди. Одатда, элликдан ошгандан кейин ижодкорнинг истеъдоди сўна бошлайди, қалами ҳам, ақл-заковати ҳам сусая бошлайди, деган гаплар бор. Ўйлайманки, бу назария Чингиз Айтматов ижодига сира ҳам тўғри келмайди. У ўзини дунёни лол қолдирган «Асрга татигулик кун» ва «Кунда» романларини элликдан ошганидан кейин ёзди.
«Кунда» ва айниқса, «Асрга татигулик кун» уни бугун жаҳон адабиётининг энг ғаройиб ёзувчиси Габриэль Гарсияга тенг миқёсга олиб чиқди. Чингиз яратган Манқурт образи, тўғрироғи, бу сўз китобхонларни ларзага солиб, сотқинлик тимсоли сифатида жаҳон тилларига кириб кетди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Чингиз менга Ҳимолай тоғларининг Жамолунгма чўққисини забт этишга киришган альпинистни эслатади. Фарқи фақат шундаки, Жамолунгмани забт этишга аҳд этган ўнлаб, балки юзлаб шерюрак альпинистлар бу чўққини забт этолмай, фожиавий ҳалок бўлдилар. Чингиз ҳақида эса бугун бир буюк ҳақиқатни ҳеч иккиланмай айта олиш мумкинки, у санъат соҳасидаги бу чўққини забт этди. Эндиликда у ҳеч иш қилмай эришган улуғ зафарларининг гаштини суриб, роҳату фароғатда яшайвериши мумкин эди. Лекин бу кайфият унга батамом ёт. Айни замонда ҳозир қанақа асар ёзяпсиз, деган саволни кўп хушлайвермайди. «Ҳа энди бир асарни қоралаяпман. Аммо ундан нима чиқади, ўзим ҳам билмайман»,– деб қўя қолади.
Умид қиламанки, жаҳон адабиёти мухлислари билишса керак, бундан уч йил муқаддам Марказий Осиё халқлари энг йирик фан ва маданият, адабиёт ва санъат арбоблари Тошкентда йиғилиб, уларнинг дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир ташкилотАссамблея тузишга қарор қабул қилишди. Шу муносабат билан чақирилган катта қурултойда Чингиз Ассамблея Президенти, мен эса унинг биринчи вице-президенти (муовини) этиб сайландик.
Тўғри, Ассамблея ўз олдига қўйилган масъулиятли вазифаларни яхши бажаряпти, ишлар юришиб кетди, дейишга афсуски тилим бормайди. Юксак савия, катта қувонч ва аҳиллик билан ўтган қурултойдан кейин ҳаёт олдимизга жуда кўп қийинчиликларни рўпара қилди. Бу қийинчиликлар ҳам сиёсат, ҳам молия, ҳам майда-чуйда одамларнинг нафсонияти, масаланинг моҳиятига тушунмаслиги ва бу одамларнинг буюк устозимиз Мухтор Авезов ва Ойбек, Собит Муқонов ва Ғафур Ғулом каби устозларимиз васиятларини туркий халқлар маданият арбобларининг дўстлиги