кириб боришини, уларнинг қайғу ва аламларига чуқур инсоний муносабатда бўлишини айтмайсизми?!
Мисол учун «Ўғри» ҳикоясини олайлик. Қобил бобонинг ҳўкизини ўғри уриб кетган. Ҳўкиз – камбағал деҳқоннинг яккаю ягона умиди ва таянчи. Чол элликбошига арз қилиб боради. Албатта, элликбошиникига қуруқ қўл билан бориб бўлмайди. Совғани олиб, элликбоши бу ҳақда аминга хабар беражагини айтади, ўз-ўзидан маълумки, бу иш ҳам совғасиз битиши қийин. Ҳар қалай, совға ўз кучини кўрсатмай қолмайди: амин қозига хабар қилишга ваъда беради. Шунда бусиз ҳам умрида рўшнолик нималигини билмаган чолнинг «қора кун»га атаб олиб қўйган сўнгги бисотларини охиригача қоқиб-суқиб олиб боришдан ўзга чораси қолмайди. Шу тариқа тўрачилик ва инқилобдан олдинги маҳаллий ва чор ҳокимиятининг даҳшатли пиллапояларидан юриб ўтар экан, чол ўзининг энг сўнгги мирисидан ҳам маҳрум бўлади. Тўрачиликка асосланган мазкур жамиятнинг энг юқори, мўътабар даргоҳига етганда Қобил бобо ўша давр учун мутлақо хос бўлган биргина жавобни эшитади: «Ҳўкизинг йўқолмасдан илгари бормиди ўзи?»
Жуда катта фош этувчи кучга эга бўлган, ҳаётнинг оғир юки остида эзилиб, адойи тамом бўлган бир кичик одамга нисбатан меҳр ва хайрихоҳлик ҳисси билан суғорилган бу ҳикоя бор-йўғи уч бетдан иборат, холос!
Адабиётимизда ҳали бошқа ҳеч кимга насиб этмаган бу услуб лўндалиги, тил рамзийлиги, сўз билан тасвирлаш маҳорати ёзувчининг кичик жанрдаги асарларигагина эмас, балки унинг қисса ва романларига ҳам хос хусусиятдир. Ўзининг дастлабки «Сароб» романини ёзганида Абдулла Қаҳҳор эндигина 25 баҳорни кўрган навқирон йигит эди. Бу асар 20-йилларда миллатчилик кайфиятига берилиб, йўлини йўқотган ва шу билан ўзининг ажойиб истеъдодини нобуд қил ган ёш ёзувчи тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Ўша даврда Абдулла Қаҳҳордек ёш ёзувчи учун бундай мавзуда роман яратишнинг ўзи жуда катта жасорат, айтиш мумкинки, қаҳрамонлик эди. Ўзининг шу илк романи биланоқ Абдулла Қаҳҳор етук сўз санъаткорига хос бўлган фазилатлари ила китобхон ва танқидчилар диққатини ўзига тортди. Бу фазилатлар ёзувчининг «Қўшчинор чироқлари» романи, «Оғриқ тишлар» ва «Тобутдан товуш» сатирик пьесаларида янада ёрқинроқ акс этди. Хўш, адибнинг фазилатлари нималарда кўринар эди? Аввало, бу– кишиларни ташвишлантирган энг ўткир муаммоларни ҳаёт ичидан илғаб ва уларни кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола эта билиш, жонли, инсоний характерлар яратиш маҳорати, қолаверса, ёзувчи мушоҳадасининг дадиллиги ва ўткирлигида эди. Абдулла Қаҳҳор ижодида янада ёрқинроқ намоён бўлган ва маҳорати билан бир вақтда ўса борган тағин бир фазилат – бу унинг ҳақиқий сатирик истеъдодга эга бўлишидир. Афтидан, унинг Гоголь ва Чехов асарларига ёшликка хос ўчлик ва ҳаяжон билан мурожаат этиши бежиз бўлмаган. Бунинг натижаси ўлароқ, у рус адабиётининг мазкур икки даҳоси қаламига мансуб «Ревизор», «Чиновникнинг ўлими», «Хамелеон» ва бошқа кўплаб асарларнинг маҳорат жиҳатидан бетакрор таржима намуналарини қолдирдики, биз улар қошида бир умр таъзим қиламиз. Ёзувчиларимиз ижодида алдамчилик, таниш-билишлик