Одил Ёқубов

СЎЗ


Скачать книгу

ростлаб, қоматингни тўғрилайсан-ку!

      Оқ йўл санга, манзилларда толмаган, Ҳилол!

      Улуғбекнинг биринчи монологи шундай бошланади. Ҳақиқий зиёлининг тақдиридан баҳс юритувчи бу мисралар ўқувчининг (ва томошабиннинг) қалбларини зирқиратади. Буюк олим Улуғбекнинг дарди Шайхзоданинг ҳам дарди бўлиб эшитилади.

      Асарда буюк аллома ва йирик сиёсий арбобни шунчаки тарихий образи яратилибгина қолмай, умуман ҳар қандай шахснинг, ҳар қандай сиймонинг – у хоҳ зиндондаги чилангар Пири Зиндоний бўлсин, хоҳ Бобо Кайфий янглиғ майпараст бўлсин, хоҳ султону, хоҳ шоир бўлсинтақдири замирида ҳар қандай даврга хос мангу бир чигаллик, унутилмас бир дард мавжудлигини унутилмас лавҳаларда ҳикоя қилади. Зиёли инсоннинг жоҳилият билан тўқнашуви, иффатли инсоннинг нопоклик билан курашиши ҳақгўйликнинг туҳмату маломатлар билан олишуви – бу асрлар оша кўчиб юрувчи сайёҳ манзаралар «Мирзо Улуғбек» фожиасининг бизнинг давримизга ҳам камарбаста, бизнинг давримиз учун ҳам хизмат қилувчи буюк асар деб таърифлашимизга асос беради. «Мирзо Улуғбек» халқ ва ҳокимият мавзуини ҳар тарафлама таҳлил ва тадқиқ қилувчи обида асарларимиздан биридир.

      Фурсатдан фойдаланиб, шу ҳақиқатни ҳам эътироф этиб ўтишни лозим кўраман: Шайх аканинг «Мирзо Улуғбек» драмаси яратилмаганида бизнинг тарихий романчилигимиз, эҳтимол каминанинг «Улуғбек хазинаси» романи ҳам яралмас эди.

      Мақсуд Шайхзоданинг тадқиқий асарлари, айниқса, Алишер Навоий лирикасига оид илмий мақолалари, жумладан, «Ғазал мулкининг султони» асари ўзбек адабиётшунослигининг энг ёрқин саҳналаридан биридир ва улар ўзбек адабиёти назарияси соҳасида қилинган ишлар сирасида ўзига хос бир мактаб бўлиб қолди.

      Танқидчи дўстларимиздан бири: – «Шайхзоданинг энг ажиб сўзи – унинг айтиб улгурмаган сўзлари ва энг ажиб тақдири – келажагидир», деб ёзади.

      Дарҳақиқат, Мақсуд Шайхзода Беруний ҳақида драматик асар битишга киришган эди. Олимимиз Муҳсин Зокировнинг далолатича, муаллиф бу асарини битказган, яна бир қайта кўриб чиқиш ниятида касалхонада ётиб ҳам қўлёзмаси устида ишлаётган экан. Аммо қўлёзма йўқолган, дейди олим. Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, Шайхзода бу ажойиб асарини поёнига етказиш арафасида оламдан ўтди.

      Биз мазкур асардан Муҳсин Зокиров кўчириб олган парча билан танишдик. Бу парчани кўздан кечирар эканмиз (у «Шарқ юлдузи» журналининг ноябрь сонида эълон қилинди), ўзбек халқи қандай улуғ бир обидага эришолмай қолгани тўғрисида ўйлаб, афсус-надоматлар ичра хаёлга толамиз ва яна Улуғбекнинг васият монологи қулоқларимизда жаранглай бошлайди:

      Васиятим, васиятим! Ким ҳам эшитгай,

      Мулким йўқки, бировларга мерос қолдирсам,

      Хазинам йўқ, бировини бойитиб қўйсам.

      Меросимдир китобларим ва жадвалларим.

      Бир мероски, замон уни маҳв этолмайди.

      Бир мероски, ворислари шу ватан аҳли,

      Бир мероски, баҳра топар ундан ер юзи.

      Эсиз, эсиз, ватанимга сўнг китобимни

      На бировлар эшитади ва на ёзмоққа –

      Бу бойловлик ва ярадор қўлим қодирдир.

      …