билишдек бебаҳо истеъдодга эга бўлган, бу сўз дурдоналарини бошқа халқлар ва мамлакатлар мулкига айлантириш иштиёқида ёнадиган санъаткор ёзувчи– таржимон топилиши лозим эди.
Константин Михайлович Симонов, маълумки, оз кимсага насиб этадиган ана шундай ноёб истеъдод ва сахий қалб эгаси эди.
1958 йилда Константин Михайлович бир неча йил умргузаронлик қилгани, бир гал Абдулла Қаҳҳор уйидаги меҳмондорчилик пайтида ўзи эътироф қилганидек, «шовқин-суронлардан қочиб, хилватда ишлаш» учун Тошкентга келади. Кейинчалик маълум бўлишича, ўшанда Симонов «Ўликлар ва тириклар» трилогиясининг биринчи китоби устида ишлаётган экан. Тўғриси, «тинч яшаш», аслида, Константин Михайлович учун мутлақо ёт тушунча эди. У республика бўйлаб кўп саёҳатга чиқар, «Правда» газетаси учун очерклар битар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тез-тез ташриф буюриб, адабиётчилар билан учрашар, янгиликлардан хабардор бўлиб, шеърият сирларини чуқурроқ ўрганиб, ўзбек шоирларининг шеърларини таржима қилиш билан шуғулланар эди. Бизлар эса, ёшлар ҳам, кекса адабиётчилар ҳам, баланд бўйли, келишган, кўринишидан ёш (гарчи ўшандаёқ соч-соқоли қордай оппоқ бўлса ҳам), истараси иссиқ бу одамни кўрсак, яйраб кетардик. Эсимда: ўша эллик тўққизинчи йилнинг кузагида ҳақиқий устоз, умрининг кўп йилларини, бутун куч ва қалб қўрини ижодга бағишлаган, буни ўзи ҳам юракдан ҳис этган ижодкорга хос кўтаринки руҳда юрган Абдулла Қаҳҳорнинг чиндан омади чопган эди! Бироқ ўзига нисбатан қаттиқ талабчан бу ажойиб инсоннинг ўша кунлардаги кўтаринки кайфиятига бошқа омил ҳам сабаб бўлганини билдим: «Синчалак» қиссасининг сўзма-сўз таржимасини Константин Михайлович ўқиб чиққан экан! Қисса унга жуда ёқиб қолибди ва бетўхтов рус тилига таржима қилишга киришибди. Константин Симоновни Абдулла Қаҳҳор уйида кўп кўрар эдим. Таржима учун қўлига олган асар матнига бир қадар менсимайгина қараган баъзи таржимонлардан фарқли ўлароқ, Константин Симонов Абдулла Қаҳҳор қиссасининг ҳар бир жумласига, сўзига эҳтиёткорлик билан ёндашиб, муаллиф фикрига диққат билан қулоқ солиб, ҳар бир жумла маъносига чуқур кириб боришдан ташқари, унинг нимага шаъма қилаётганини илғаб олишга, ёзувчининг ўзига хос юморини аниқ беришга ҳаракат қиларди. Константин Симонов ўзининг асарларига, ҳаёти давомида адо этган жамики ишларига қанчалик жиддий ва жонкуярлик билан муносабатда бўлса, таржимага ҳам худди шундай қарар эди. Абдулла Қаҳҳорни таржима қилиш эса, юқорида айтиб ўтганимдек, осон иш эмас эди. «Синчалак» қиссаси, айниқса, бу борада алоҳида аҳамиятга эга.
Гап шундаки, мазкур қисса ёзувчи ижодининг негизи ҳисобланади. У ижодкорнинг бошқа ҳамма асарларидан фарқ қилиб туради. Мисол учун қиссанинг бош қаҳрамонлари – колхоз раиси Қаландаров билан «Синчалак» деб лақаб олган ширкат фирқаси Саидани олайлик. Адабиётимизда Қаландаровгача камтарин, ишчан, бошда инсофли, кейинчалик эса шон-шуҳратни кўтара олмай, аста-секин кеккайиб кетган ширкат раислари образи кўплаб